Афв этилганлар ҳаётга мослашмоқда

  Рамазон ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари томонидан “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида” фармон қабул қилинди. Унга кўра, билиб-билмай жиноят қилган, қилмишидан пушаймон бўлган ва қатъий тузалиш йўлига ўтган 100 нафар фуқаро авф этилди.

Афв этилганлар орасида 16 нафар самарқандликлар ҳам бор.

– Уларнинг 3 нафарини ўталмай қолган жазо муддатлари ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилганлар, 1 нафарини жазо муддатидан тўлиқ, 12 нафарини жазо муддатларидан илгари шартли равишда озод этилганлар ташкил этди, – дейди вилоят ИИБ пробация бўлими катта инспектори Нодир Каримов. – Бу фуқаролар афв этилиши, озодликка чиқиши билан энди эътибордан четда қолди, дегани эмас. Уларни ижтимоий муҳитга мослаштириш, ҳаётда ўз йўлларини топиб олишларига ёрдам бериш лозим. Шу мақсадда афв этилганлар билан зарур профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Аввало, улар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Ижтимоий кўникма марказлари томонидан бир марталик моддий ёрдам олишлари учун йўлланмалар берилди. 1 нафарининг фуқаролик паспорти йўқлиги, 3 нафарининг паспорти эски намунада бўлганлиги сабабли уларга янги намунадаги карталар берилди. Афв этилганларнинг 1 нафари иккинчи гуруҳ ногирони эканлиги, 1 нафари нафақа ёшига етганлиги туфайли бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Булунғур туман бўлими билан ҳамкорликда нафақага чиқариш бўйича тегишли ҳужжатлари расмийлаштирилди. Қолган 14 нафарини ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. Келгусида улар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишининг олдини олиш учун маҳалла фаолларидан мураббийлар бириктирилди. Ўз навбатида вилоят сектор раҳбарлари томонидан афв этилганлар билан учрашув ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди. Бу жараёнда 1 нафар фуқаро уй-жойга муҳтожлиги, 2 нафарининг уй-жойи таъмирталаблиги маълум бўлди, 2 нафари имтиёзли кредит олиш ниятида эканлигини билдирди. Ҳозирда бу муаммоларни мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

  Самарқанд шаҳар Меҳнат маҳалласида яшовчи Ҳамротош Эрнапасова қарийб 7 ярим йил фарзанди Обиджон Эрнапасовнинг йўлига кўз тикиб, кунни тунга, тунни кунга улаб яшади. Давлат раҳбарининг афв этиш тўғрисидаги фармони билан Обиджон ҳам кечирилиб, оиласи, онаси бағрига қайтди.

  – Бу бағрикенгликдан бошимиз кўкка етди, – дейди Ҳ.Эрнапасова. – Ҳайитда оиламиз ҳам, кўнглимиз ҳам тўлди. Фарзандим энди ҳаётда тўғри йўлни танлаб, жамиятимизга хизмат қилади, Президентимизнинг афви қадрига етиб, бу ишончни оқлайди, албатта.

  Самарқанд шаҳрининг Жўйичуқур маҳалласида яшовчи Акмал Қаюмов ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. 5 ярим йил жазо муддатини ўтагач, афв этилиб жазодан озод этилди.

  – Беш йил кўп нарсани ўйлаш, хулоса чиқариш учун етарли вақт бўлди, – дейди Акмал Қаюмов. – Бу вақт давомида оила аъзоларим қанчалик қийналгани, руҳан эзилганини яхши англайман. Шунинг учун энди фақат ҳалол меҳнат қилиб, оилам учун, элга хизмат қилиб яшайман. Президентимизнинг бағрикенгликлари қадрига етиб, ишлашни ўз олдимга қатъий мақсад қилиб қўйганман.