Бекободдаги боғча фаолияти вақтинча тўхтатилди, масъулларга чора кўрилади

Шу йилнинг 27 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида жойлашган мактабгача таълим ташкилотида 11 нафар тарбияланувчининг овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар бергандик.

Мазкур воқеа ҳақидаги хабар етиб келиши билан Бекободга Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи жўнатилган.

Ишчи гуруҳ Бекободдаги 15-сонли МТТдаги озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолатини ўрганиб чиқди. Қайд этилишича, заҳарланиш сабабини аниқлаш мақсадида сув, озиқ-овқат, ошхона жиҳозлари, ходимлар қўли ва кийимларидан суртмалар, овқатнинг суткалик намунаси, шунингдек, касалхонага ётқизилган болалардан таҳлиллар олинган. Барча материаллар Давлат Санитария-эпидемиология назорат марказига юборилган.

Ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланди:

  • МТТ янги маиший музлатгичлар билан жиҳозланган ва улар ишчи ҳолатида;
  • ходимлар тиббий кўрикдан ўтган ва санитар китобчасига эга;
  • МТТ сув таъминотида узилишлар бўлиб туради. "Аriston" сув иситкичи ишчи ҳолатида эмас;
  • дезинфекция ва ювиш воситаларининг захираси мавжуд бўлишига қарамасдан, ходимлар уларни ишлатишмайди;
  • гуруҳларда эмалланган идиш-товоқ етарли эмас;
  • гуруҳларга ичимлик суви қўйилмаган;
  • 27 сентябрь куннинг таомномасига бир-бирига мос келмайдиган таомлар киритилган (бодринг ва кисель, қуюлтирилган сут ва олма);

Ўтказилган текширув жараёни овқат тайёрлаш блоки ҳамда гуруҳларда санитария қоидаларига риоя қилинмаганини кўрсатди.

МТТ фаолияти ва эпидемиологик текширув натижалари асосида раҳбар, ҳамшира ва озиқ-овқат блоки масъул ходимларига нисбатан лавозимдан озод этишгача бўлган маъмурий чоралар кўрилиши мумкин.

Айни вақтда Бекободнинг 15-МТТ фаолияти вақтинча тўхтатилган. Ташкилотда ювиш ва дезинфекция тадбирлари амалга оширилмоқда.