Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Болани боғчага жойлаштириш тартиби қандай?

Бу саволнинг жавоби кўпчилик ота-оналарни қизиқтиради.

- Дастлаб, ота-она ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати, яъни паспорти ва фарзандининг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси билан Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиши керак, - дейди Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази бош мутахассиси Ширин Закрияева. - Марказ ходимлари уни навбатга қўяди. Навбат ҳам икки хил бўлади. Оддий навбат ва имтиёзли навбат.

Хўш, қайси фуқаролар имтиёзга эга? Булар:

- 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари;

- кўп болали оилаларнинг фарзандлари;

- етим ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;

- "Аёллар дафтари"га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандлари;

- контракт бўйича хизмат қилаётган ҳарбийларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари;

- талабалар ва педагогларнинг фарзандлари;

- акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;

- кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар ушбу имтиёзли навбатдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, фарзандини боғчага жойлаштиришда яшаш ҳудуди муҳим аҳамиятга эга эмас, яъни ота-она боласини мамлакатимиз ҳудудидаги истаган мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириши мумкин. Шунингдек, фуқаролар кўп кутиб қолишининг олдини олиш учун учта боғчага навбатга қўйиш имконияти ҳам мавжуд, яъни қайси бирига навбат олдинроқ етиб келса болани ўша боғчага олиб бориши мумкин.

Навбати келганда ота-онанинг телефон рақамига СМС хабари юборилади. Авваллари шу СМС хабар боргандан кейин Давлат хизматлари марказига келиб, йўлланма қоғозини олиб, кейин боғчага бориши керак эди. Ҳозирда эса фақат СМС хабарни олгач, тўғридан-тўғри мактабгача таълим ташкилотига мурожаат қилса бўлади.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.