“Ақлвой” ёрдам берадими?

Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганига 3 йилдан ошди. Аммо шу уч йил давомида боғчалар сони сезиларли ортганига, таълим-тарбия сифати ошганига, чекка ҳудудларда ҳам замонавий боғчалар ташкил этилганига гувоҳ бўлдик.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Раҳмонов билан суҳбатимиз фарзандларимизни илк таълимга қамраб олиш мақсадида амалга оширилаётган  ишлар, таълим-тарбия сифати, боғчаларга йўлланма олишдаги муаммолар ҳақида бўлди.

- Бугун болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш бўйича давлатимиз томонидан берилган имконият ва имтиёзлар боғчалар сонини сўнгги йилларда кўпайишига замин яратди, - дейди Ш.Раҳмонов. – Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олишга алоҳида аҳамият берилди. Жумладан, республика бўйича келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказиш алоҳида таъкидланди. 

2020 йилда вилоятимиздаги 3-7 ёшдаги 337121 нафар болларнинг 212 229 нафари, яъни 63 фоизини боғчаларга қамраб олган бўлсак, 2021 йилда  70 фоизга етказишни олдимизга вазифа қилганмиз. Бу бўйича йўл харитаси тузиб, беш йўналишда ишларни олиб боришни белгилаб олдик.

Биринчи йўналишимиз бўш турган биноларни инвестиция дастури доирасида таъмирлаш ҳисобига 16 та (1555 нафар), иккинчи йўналишимиз давлат-хусусий шерикликда 6 та, 400 та оилавий ва 15 та хусусий боғчаларни қуриш (12605 нафар), учинчи йўналишимиз 59 та қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этиш ҳамда боғчаларимиздаги бўш турган 105 та гуруҳларни таъмирлаш орқали 5000 га яқин болаларни боғчага қамраб олишни режалаштирганмиз.

Тўртинчи йўналишимиз 2021 йилда мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан қўшимча 327 та гуруҳларга 9800 нафар 6 ёшли болалар қамраб олишдан иборат.

Шу билан бирга имконияти чекланган болаларнинг уйда таълим олишини ташкил этиш бўйича ҳам тизимли ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

- Бугун боғчаларимиздаги таълим-тарбия сифатини қандай баҳолайсиз?

- Тўғриси, боғчалардаги таълим-тарбия талабга жавоб беради, деб айтолмайман. Аммо чекка ҳудудлардаги МТТдаги машғулотларни кузатиб, бир қадар хурсанд бўламан. Ўзгаришлар бор. Яширмайман, бизда асосий масалалардан бири боғчаларда таълим-тарбия жараёнини тўғри йўлга қўйиш. Бунинг учун республикамизда, вилоятимизда кўп ишлар амалга ошириляпти. Бугун 8 мингдан кўпроқ тарбиячилар тизимда фаолият юритса, уларнинг 34 фоизи олий маълумотли. Боғчаларимизда олий маълумотли педагогларга эҳтиёжимиз бор. Биринчи навбатда кадрлар масаласига эътибор беришимиз лозим. 2021 йилда Самарқанд давлат университетининг мактабгача таълим йўналишини 103 нафар талаба битиряпти. Бу йил улар биринчи қалдирғочлар. Уларни иш билан таъминлаш, жойлардаги мутахассисларни қайта тайёрловдан ўтказиш ҳамда турли семинарлар ташкил этиш орқали таълим-тарбия сифатини оширишга эришяпмиз.

Охирги бир йилда 100 мингдан ортиқ тарқатма материаллар мактабгача таълим ташкилотларига етказиб берилди, мисол учун яқинда ҳам мактабгача таълим вазирлиги томонидан 13 турдаги ўйинчоқлар ва дидактик ўқув қуроллари ҳар бир боғчага етказиб берилди. Асосий масала - улардан унумли фойдаланиш.

- Боғчаларга йўлланма олиш инсон омилисиз амалга оширилаяпти. Бу айрим ота-оналарга қийинчилик туғдираётгани қулоғимизга чалинади. Ҳатто, бир ёшдан фарзандини боғчаларга навбатга қўяётганлар ҳам кўп...

- 2018 йил апрелдан бошлаб боғчаларга йўлланма олиш давлат хизматлари  маркази томонидан амалга оширилмоқда. Тўғри бошида бу бир қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Аммо асосий эътибор фарзандларимизнинг сифатли таълим-тарбия олишига қаратилганди. Менимча, бунга эришдик ҳам. Ҳозир ота-оналар ёхуд уларга тенглаштирилган шахслар йўлланмаларни онлайн олиш имкониятига эга. Навбатларни эса юқорида айтганимдек янги боғчаларни барпо этиш эвазига камайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Энг кўп мурожаат ҳам фарзандини боғчаларга боришини истаётган ота-оналардан. Биз буни тўғри тушунамиз. Вилоятимизда 400 дан ортиқ маҳаллаларда давлат боғчалари йўқ. Асосий муаммолардан бири ҳам жорий йилда мана шу маҳаллаларда оилавий боғчаларни ташкил этиш орқали болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш.

- Икки йил олдин Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида соғлом овқатланишни ташкил этиш мақсадида аутсорсинг тизими жорий этилганди. Хўш, бу ўзини оқладими?

- Аутсорсинг тизими қайсидир маънода  ўзини оқлади. Чунки мактабгача таълим ташкилоти фақатгина таълим-тарбия бериш билан шуғулланиши керак, деган масалани биринчи ўринга қўйгандик. Энди мактабгача таълим вазирлигининг қарори билан босқичма-босқич бошқа туманларда ҳам жорий этилади. Аутсорсер ташкилотлар танлов асосида қабул қилиниб, белгиланган тартибда боғчалар билан ҳамкорлик қилади. Болаларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш мақсадида тадбиркор ўзининг фермер хўжалигига, нон цехига эга бўлиши талаб этилади. Чунки тадбиркорнинг бошқа ташкилотлардан маҳсулотларни олиши сифатга таъсир қилиши мумкин...

Вилоятимиздаги болалар қамрови паст ҳудудларни  “Ақлвой” деб номланган жиҳозланган автобуслар билан таъминлашни режалаштирганмиз. Ўтган йили вилоятимизнинг Ургут туманида бу лойиҳа бўйича ишларни амалга оширган эдик. Энди Паст Дарғом, Нуробод ва Қўшработ туманларининг энг чекка қишлоқларини мана шундай автобуслар билан таъминлаймиз.

Насиба Жонтўраева.