15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни: Бахтли турмуш фалсафаси

Ушбу сана баҳона қишлоқларда яшаётган опа-сингилларимиз ҳаёти, уларнинг орзу-мақсадлари ҳақида мақола ёзиш ниятида Жомбой туманига борганимизда чекка ҳудуддаги Қўнғирот маҳалласида давлат-хусусий шериклик тамойили бўйича мактабгача таълим муассасаси ташкил этган Қумринисо Маматқуловани тавсия қилишди.

Очиғи ҳайрон бўлдим. Кўнглимдан “ҳозир ҳар бир қишлоқда боғча бўлса, уларни асосан хотин-қизлар ташкил этган-да. Бу опанинг ишида нима янгилик бўлиши мумкин?”, деган ўй ўтди. Ҳеч бўлмаганда, ўша олис қишлоқ аёллари ҳақида ёзамиз, деб Қўнғиротга йўл олдик.

– Самарқанд мактабгача таълим билим юртини битириб, 1987 йилда қишлоғимиздаги боғчада иш бошлаганман, – дейди Қумринисо Маматқулова. – Бу колхоз дала шийпонида ташкил этилган мавсумий боғча бўлиб, шарт-шароит, имкониятлари ҳам шунга яраша эди. Ҳозиргидек танлаш қаёқда – ота-оналар шу биттагина боғчага болаларини беришга мажбур бўларди. Бўлмаса уйда кимдир болага қараб ўтириши керак. Кейинчалик бу боғча ҳам гоҳ очилиб, гоҳ ёпилиб турарди – бу ёғи ҳаммамизга яхши маълум. 2016 йилдан кейингина мактабгача таълимга эътибор ошди. Шундан кейин бизнинг маҳалламизда ҳам иккита давлат мактабгача таълим ташкилоти, хусусий боғчалар очилди. Давлат томонидан соҳага эътибор кучайиб, имкониятлар кенгайгач, биз ҳам давлат-хусусий шериклик тамойили бўйича боғча очишга аҳд қилдик. 2018 йилда 21-давлат мактабгача таълим муассасаси ёнида бўш турган 12 сотих ер майдони ажратилди. Лекин кредит ажратиш ортга сурилиб кетавергач, 2019 йилда ўзимиз қурилишни бошладик ва уч йил деганда бинони қуриб битказиб, жиҳозладик. Ўтган йил расман фаолият бошладик ва 100 нафар маҳалламиз болалари шу ерда таълим-тарбия олмоқда. Тарбияланувчиларга инглиз, рус тили ўргатилади, бадиий гимнастика тўгарагимиз бор.

Қумринисо опа боғчаси ҳақида завқланиб гапираётган пайтда ҳовлига бир боласини кўтарган, иккинчисини етаклаган жувон кириб келди.

– Болаларингни қолдириб, ишингга боравер, кейин ўзим эринг билан, уйдагиларинг билан гаплашаман, ҳаммаси яхши бўлади, – деди опа жувон билан салом-алик қилиб, болаларини тарбиячига топширгач.

Кейин бизга қараб бу аёлнинг рўзғори тинч эмаслиги, эр-хотинни муросага келтиришга ҳаракат қилаётганини айтди. Ўз-ўзидан суҳбатимиз қишлоқдаги аёлларнинг муаммоларига, оилалардаги ҳолатга кўчди.

– Қишлоғимиз яқинида 1000 гектарлик катта боғлар бор, – дейди Қумринисо Маматқулова. – Маҳалладошларимиз асосан, ўша ерда муҳнат қилади. Кунига 6-7 автобус одамни ишга олиб бориб, келтириб қўйишади. Ишсиз одам йўқ ҳисоби. Ҳамманинг ўз юмуши бор. Болалар эса боғчаларга боради. Нотинч оилалар кўп эмас, лекин битта-иккита бор-да. Маҳалла билан бирга уларни муросага келтиришга ҳаракат қиламиз. Бу оила ҳам шундай, эр-хотин ёшлик қилиб ёки рўзғордаги айрим муаммолар сабаб аразлашиб туради. Уларга тўғри йўл кўрсатамиз, гоҳида қаттиқроқ гапирамиз, баъзида ўз ҳаётимни мисол қилиб келтираман. Ҳаёт бир текис кечмайди-да, рўзғорнинг кам-кўсти бўлади. Шундай пайтда эр-хотин бир-бирига суяниши керак, ота-она боласини эркалатмай, оила муқаддаслигини тушунтириши лозим.

Мана шундай пайтларда ўзимнинг бошимдан кечган бир ҳолат ёдимга тушади. Буни кўп ёшларга айтиб берганман. Ҳаёт экан-да, бир сафар эр-хотин гап талашиб, болаларимни олдиму ота-онамникига кетиб қолдим. Албатта, отамга ҳеч нарса дея олмасдим, дардимни онамга тўкиб солдим. Ичкари уйда ўтирган отам ҳамма гапимни эшитиб турган эканлар, олдиларига чақирдилар. Оилада 13 фарзанд – беш ўғил, саккиз қиз ўсганмиз. Ҳеч қачон отамнинг юзига тик қарамаганмиз, у кишига гапимизни онам орқали айтардик, салобатлари босарди-да. Ўша пайтда ҳам қўрқиб, ҳам иккиланиб отамнинг ёнларига бордим. Шу пайт хонага янгам бир сават иссиқ нон кўтариб кириб келдию мен билан отамни кўриб, нонларни қолдирганча чиқиб кетди. “Битта нонни синдирчи, қизим”, дедилар отам ерга қараб. Мен эса саватдаги нонларнинг орқа-олдига қараб, қип-қизариб пишганини синдириб дастурхонга қўйдим.

– Нега бу нонни синдирдинг? –  дедилар отам ушатилган ноннинг бир бўлагини олиб.

Энг яхши, чиройли пишгани учун шу нонни синдирганимни айтдим.

– Ҳа, баракалла, қизим. Ҳаёт ҳам тандирга, инсон нонга ўхшайди. Ҳаётнинг иссиғига, чўғига чидасанг, пишасан, кўпчиликнинг кўзига яхши кўринасан. Чидамасанг, тандирнинг тафтига дош беролмаган нон тушиб кетиб, кулга белангани каби ҳеч кимга кераксиз бўласан, – дедилар отам ва бошқа гап айтмадилар.

Ўша заҳоти уйга қайтиб келдим. Мана шу гаплари мен учун умрга сабоқ бўлди.

Биз ҳаётнинг яна бир синовига дуч келганмиз. Тўнғич фарзандим – ўғлим кўзида нуқсон билан туғилди. Яхши кўрмасди. Шунинг учун заиф кўрувчи болалар мактаб-интернатига бергандик. Даво истаб, кўп жойга олиб бордик, турли шифохоналарга ётқиздик. Кейин хорижлик мутахассислар юртимизга келиб, шундай хасталикка чалинган болаларни операция қилаётгани ҳақида эшитдик ва нажот излаб бордик. Операция катта пул турар экан. Бизда эса унақа пул йўқ. Ёрдам беришларини сўраб туман ҳокимлигига бордик. Раҳбарлар тўғри йўл кўрсатди, еримиз бор эди, кредит олиб, 2003 йилда боламнинг битта кўзини операция қилдирдик, кўра бошлади. Орадан уч йил ўтиб иккинчи кўзини ҳам даволадик. Аллоҳга шукр, ана шу ўғлим ҳозир Самарқанд давлат университетида ишлайди, яқинда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади.

Биз оиламиз билан фақат ҳалол меҳнат қилиб, яхши ниятлар билан яшаб, орзу-умидларимизга эришиб келяпмиз. Мен ҳам, турмуш ўртоғим ҳам ўқиган бўлсак-да, далада меҳнат қилиб, рўзғоримизни бутлаганмиз. Ўн гектар боғимиз бўларди. Дарахтлар кичиклигида қатор орасига сабзавот экиб, даромад қилардик. Вақти келганда мен новвойлик билан, хўжайиним таксичилик қилиб рўзғорни бутлаганмиз. Болаларимизни ҳам меҳнатга ўргатганмиз. Ҳозир ҳам ҳовлимизда беш сотихли иссиқхонада лимон ва турли сабзавотлар етиштирамиз. Чорвамиз, 30-40 та товуғимиз бор. Ҳовузимизда балиқ етиштирамиз.

Худога шукр, беш фарзандимнинг барчасини ўқитдик, кейин уч келинимни ҳам олий маълумотли қилдик. Ўғилларим ўз касб-кори билан бирга тадбиркорлик қилади. Топгани ўртада. Шунинг ортидан мана шу боғчани қурдик, бошқа орзу-ҳавасларимизга етяпмиз.

Айримлар менга болаларингизни уйли-жойли қилгансиз, ҳеч камингиз йўқ, энди маза қилиб яшасангиз бўлмайдими, дейди. Мен ўғлим ёруғ дунёни кўра бошлагач ва ҳаётнинг яна кўп синовларидан ўтганимда худо менга қанча умр берса, меҳнатдан қочмайман, одамларга яхшилик қиламан, қишлоғимни обод қилишга ҳисса қўшаман, деб ният қилганман. Ана шундай ниятларимдан бири маҳалламиз хотин-қизлари учун фитнес-клуб очиш, кейин туманимизда хусусий мактаб ташкил этиш мақсадимиз ҳам бор.

Қумринисо Маматқуловани маҳалласида боғча очган қишлоқ аёли деб билиб, унинг бу борадаги фаолиятини ёритмоқчи эдик. У билан суҳбатлашиб, фаолияти билан танишиб, яна бир шижоатли, оиласи ва яқинларига бутун борлиғини бағишлаган, маҳалласининг фидойи аёлни кашф этдик, назаримизда.

Ҳа, яна бир гап. Жомбойнинг ана шу олис бир маҳалласида – Қўнғиротда бугунги кунда иккита давлат, битта нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, шунингдек, бешта уй-боғча бор экан. Бу муассасаларда 400 нафардан ортиқ болажонлар таълим-тарбия олмоқда.

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Алишер ИСРОИЛОВ (сурат).