Оила муҳити жамиятнинг кайфияти мезони

Бугун оилалардаги муҳит, ундаги хотиржамлик омиллари нималарга бориб тақалади? Оилалардаги иқтисодий муаммолар билан бир қаторда маънавий мезонлар ҳам ушбу муқаддас маскан хотиржамлигига раҳна солаётгани ташвишланарли эмасми?

Бош вазир ўринбосари, оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Самарқанд вилоятида бўлиб, айнан шу савол ва масалалар, яъни оилалар хотиржамлигини асраш, ундаги ижтимоий-маънавий муаммоларни ҳал этишда маҳалланинг ўрни бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганди. Вилоят ёшлар марказида “Аёллар дафтари”: 5 йиллик сарҳисоб” мавзуида миллий анжуман ўтказилди. Унда қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари, фаоллар, оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари, “Аёллар дафтари” рўйхатига кириб, у орқали ўз ҳаётини изга тушириб олган хотин-қизлар иштирок этди.

- Бугун оила масалалари бевосита ҳар бир ташкилот фаолиятига дахлдор, - деди З.Маҳкамова. – Оилалардаги хотиржамлик, уларни камбағалликдан чиқариш, оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси, сифатли таълим, соғлом турмуш тарзи – буларнинг ҳаммасига масъул ташкилотлар бор ва улар доимий ҳамкорликдагина натижали ишлаш мумкин. Қолаверса, бугун аҳоли ўзини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун у ташкилотдан бу ташкилотга эмас, балки ўзи истиқомат қилаётган маҳаллага мурожаат қилиши керак. Ушбу муаммоларга ечимни ҳам айнан шу ерда, маҳалладан топиши лозим. Бунинг учун маҳаллада барча шарт-шароитлар мавжуд. “Маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилган, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг жойлардаги бўлимлари фаолияти ташкил этилган, маҳалладаги “Аёллар дафтари” тузилмаси орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг қатор молиявий масалалари ҳал этилмоқда. Табиийки, муаммо каттароқ бўлса, фаолларнинг масалани ўз вақтида керакли масъулларга етказиши учун ҳам барча имкон бор. Муаммоларни ҳал этишда барча ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган ва уни ҳал этишда назорати ҳам олиб борилади. Бир пайтлар маҳалла фақат уч-тўрт хил маълумотнома берадиган жойга айланиб қолган эди. Бугун улар учун катта имкониятлар яратилди. Бу имкониятларни ишга солиш, аҳоли билан мулоқот, уларнинг дардини енгиллатиш йўлида доимий саъй-ҳаракат лозим. Шундагина мамлакатимиз раҳбари таъкидлаган, одамларни рози қилиш йўлидаги ишларимиз ўз натижасини беради.

Анжуман давомида “Аёллар дафтари” орқали рўзғорини уддалаётган, турли қийинчиликларни енгиб ўтаётган аёллар бу йўлда уларга кўрсатилган ёрдамнинг ҳаёт йўлларидаги таъсири ҳақида сўзлаб беришди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бу йил шу пайтга қадар вилоятда “Аёллар дафтари”га киритилган 104 минг 509 нафар хотин-қизлардан 60 минг 466 нафари ёки 57,9 фоизига амалий ёрдам кўрсатилган. Хусусан, 44 844 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлардан 30 378 нафари ёки 67,7 фоизининг бандлиги таъминланган.

Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 3292 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлардан 2410 нафарига ёки 73,2 фоизига кредит ажратилган. Боқувчиси бўлмаган 23 991 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлардан 11 327 нафарига 47,2 моддий ёрдам кўрсатилди. 267 нафар уй-жойи таъмирланишга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлардан 51 нафари, яъни 19,1 фоизининг уй-жойи таъмирлаб берилган.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосари жойларда  оилалардаги ижтимоий-маънавий муаммолар ва уларни ҳал этишда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Хусусан, Жомбой туманидаги Каттақишлоқ, Булунғур туманидаги Мингчинор маҳалласида ўтказилган учрашувда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, оилалардаги муаммоларни эрта аниқлаш, ёшлар тарбияси, никоҳгача тайёргарлик, ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, оналик ва болаликни муҳофазаси йўлида амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди. Маҳалланинг мақомини ошириш, аҳолидан тушган мурожаатларни тўғри ўрганиш ва жойида ҳал этиш бўйича Жомбой тумани тажрибаси йўлга қўйилиши белгиланди.

Гулруҳ Мўминова.