Лабораториялардаги хатолар туфайли дунё юзини кўрган ихтиролар

Хато иш қилиб қўйиш доим ҳам ёмон эмас, чунки кўпинча хатолар исталган натижага эришиш йўлининг бир қисмидир. Баъзида хато туфайли, ишнинг натижаси кутилганидан ҳам ошиб кетиши мумкин. Бугунги мақолада биз тадқиқотчилар хатоси туфайли пайдо бўлган, дунёни ўзгартириб юборган кашфиётларни тўпладик.

 Пенициллин

1928 йилда микробиолог Александр Флеминг лабораторияда стафилококк бактерияларини ўрганаётганда тасодифан пенициллинни топди. У моғор пайдо бўлган Петри идишларидан бири ифлосланганлигини ва моғор атрофида бактериялар ўсмай қолаётганини пайқади. Кейинги тадқиқотлар Penicillium ўзидан бактерияларни ўлдирадиган моддани ажратиб туришини аниқлади. У бу моддани пенициллин деб атади.

Пенициллиннинг кашф этилиши туфайли XX асрда ўртача умр кўришнинг кескин ўсиши кузатилди. Бироқ, бу модданинг топилиши шунчалик тасодиф эдики, агар Флеминг бироз эҳтиёткор бўлганида, дунё ҳали ҳам бу дори ҳақида билмаган бўлар эди.

Имплантация қилинадиган юрак стимулятори

Америкалик муҳандис Уилсон Грейтбэтч юрак хасталиги билан оғриган беморлар юрагини кузатиш учун кардиомонитор яратмоқчи бўлган эди. Бир куни, у адашиб ўз қурилмасига бошқа ўлчамдаги резисторни қўшди. Ёзиб олиш ўрнига, машина батареяни деярли тўлиқ зарядсизлантирди ва тартибсиз пульс ишлаб чиқара кетди.

Грейтбэтч ўз хатосидан хафа бўлмади. Бунинг ўрнига, у ишламай қолган инсон юрагини рағбатлантириш учун мунтазам кичик пульсларни ишлаб чиқарадиган қурилма яратиш ғоясини ўйлаб топди. Шу тарзда 1956 йилда ички юрак стимулятори яратилди. Эндиликда Грейтбэтчнинг тасодифий ихтироси ҳар йили 600 мингдан ортиқ инсон юрагига имплантация қилинади.

Микротўлқинли печь

Перси Спенсер хато қилмади, балки тасодифан замонавий ошхоналар фойдаланиб келадиган мослама  - микротўлқинли печни ихтиро қилди.  АҚШ Мудофаа вазирлиги қошидаги “Raytheon” компаниясида фаолият олиб борган Спенсер магнетрон (микротўлқинларни ишлаб чиқарадиган кучли чироқ)лар ишлаб чиқаришнинг самарали усулини тадқиқ қилди ва ишлаб чиқаришни кунига 100 тадан 2600 тагача оширди.

Спенсер фаол радар ёнида ишлаб турган вақтда чўнтагидаги конфет эриб кетганини пайқаб қолди. Шунда у озиқ-овқат, жумладан, маккажўхори доначалари билан тажриба ўтказишга қарор қилди. Тажриба дунёдаги биринчи микротўлқинли печда “пиширилган” попкорнни берди.

Бироз вақт ўтгач, Спенсер микротўлқинлар чиқарадиган металл қутини такомиллаштириб, биринчи микротўлқинли печни яратди. У турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини қутига жойлаштириб, эффектлар ва ҳароратни кузатиб борар эди.

1945 йилнинг 8 октябрида “Raytheon” “Radarange” деб номланган микротўлқинли печга патент олиш учун ҳужжат топширди. 1947 йилда сотувга қўйилган биринчи микротўлқинли печнинг баландлиги қарийб икки метр, оғирлиги тахминан 350 килограмм бўлиб, баҳоси тахминан 5000 (бугунги кунда 60 000 долларга тенг) долларни ташкил этган эди.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.