Комада 42 йил: Флоридадаги “Уйқу соҳибжамоли”нинг фожиали тақдири

Америкалик Эдуарда О’Бара умрининг кўп қисми - 42 йилини комада ўтказди. 16 ёшида Эдуарда диабетик комага тушиб қолди ва шундан сўнг ҳеч қачон “уйғонмади”. Шуниси эътиборга лойиқки, Эдуарданинг кўзлари доимо очиқ бўлса-да, онги ишламасди. У бошқаларни эшитмас, уларни кўрмас, атрофдаги дунёни ҳеч қандай тарзда идрок эта олмас эди.
Қиз тоби қочиб, комага тушишдан олдин онасига “Мени ташлаб кетмасликка ваъда беринг”, деб илтимос қилган. Онаси эса умрининг охиригача унинг илтимосини бажарди.
Кэй О‘Бара мунтазам равишда қизининг туғилган кунини ўтказиб, унга ғамхўрлик қилиб, умрининг кейинги 35 йилини унинг ёнида ўтказди.
2008 йилда онаси 80 ёшида вафот этгандан сўнг Эдуардага синглиси Коллин қарай бошлади. Айнан у 2012 йилда “уйқу соҳибжамоли”нинг ўлими гувоҳи бўлди.
- Кеча Эдуардага қараб турган пайтимда, тўсатдан у кўзларимга тик қаради ва менга қараб чиройли табассум қилди. Кейин 42 йил кома ҳолатида ётган опам 59 ёшида вафот этди. У кўзларини юмди ва онамнинг олдига, жаннатга кетди. Эдуарда нафақат энг яхши опа эди, балки у менга сабр-тоқатни ўргатди. Илгари мен бу хислат нималигини билмасдим. Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб, - деб ёзган эди у.