5 та туманда давлат-хусусий шериклик асосида боғча қураётган тадбиркорлар кредит маблағларини талон-торож қилаётгани маълум қилинди
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида ўтказилган матбуот анжуманида вилоят мактабгача таълим бошқармаси мутасаддилари маълум қилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг февраль ҳолатига қуввати 14 минг ўринли 127 та давлат-хусусий шериклик асосида ва 88 минг ўринли 2657 та оилавий шаклда, жами 2 784 та давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалар фаолият олиб бормоқда. Вилоятда барча турдаги МТТларга қамраб олинган жами 242 минг 93 нафар болаларнинг 91 минг 48 нафари (38 фоиз) давлат-хусусий шериклик асосидаги ҳамда оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.
2022 йилда 403 та, шундан 1738 ўринли 15 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 15 минг 490 ўринли 388 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилган. Ташкил этилган 15 та давлат-хусусий шериклик асосидаги МТТларнинг умумий лойиҳа қиймати 23,2 миллиард сўм бўлиб, шундан 15,2 миллиард сўми имтиёзли кредит, 8 миллиард тадбиркорларнинг ўз маблағи ҳисобидан фаолияти йўлга қўйилган.
- Вилоятда 2018-2022 йиллар давомида 3027 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилган, бироқ 2624 таси фаолият олиб бормоқда, - дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Мамиров. – 2021 йилда 97 та, 2022 йилда 283 та битим тадбиркорлар билан бекор қилинган. Қолган 23 та битим тадбиркорларнинг аризасига асосан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли вақтинча фаолияти тўхтатилган. Бунинг сабаби шундаки, 2018-2021 йиллар давомида ташкил этилган аксарият оилавий боғчаларда етарли шарт-шароитлар, педагогларнинг сифат таркиби ҳамда умумий қилиб олганда, инфраструктураси белгиланган меъёрларга жавоб бермаслиги оқибатида тадбиркорларнинг ўз аризаларига асосан улар билан битим бекор қилинди. Шунингдек, соҳада қонунбузилиш ҳолати ва талон-тарожликка йўл қўйган 40 га яқин МТТ директорлари билан меҳнат шартномаси бекор қилиниб 100 нафарга яқин ходимга интизомий жазо чораси кўрилди.
Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик асосидаги МТТлари ташкил этишда айрим тадбиркорлар кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари ва давлат-хусусий шериклик асосида қурилаётган биноларини ўз вақтида топширмаслик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Жумладан, тадбиркорлар томонидан Оқдарё туманида 3 та лойиҳа - “Бибихоним Меҳрибон она”, “Лойиш юлдузчалари”, “Kinder garden White Riwer”, Булунғур туманида “Пусад”, Қўшработ туманида “Жўш қалдирғочлари”, Паст Дарғом туманида “Меҳрингиёр ғунчалари” ҳозирги номи ўзгартирилган “Маҳалла кичкинтойлари”, Ургут туманида “Уч оғайни” номли давлат-хусусий шериклик асосида МТТларни қуриш учун имтиёзли кредитлар ажратилган. Аммо тадбиркорлар қурилиш ишларига ноқонуний ўзгартиришлар киритган ёки кредитларни ўзлаштириб, бугунги кунга қадар боғчаларни фойдаланишга топширмаган.