Болани боғчага бериш инсон омилисиз амалга оширилади
Авваллари фарзандини боғчага жойлаштириш ота-оналар учун қийин кечарди. Турли идораларга қатнаш, узун навбатларда туриш, ҳужжат йиғиш каби ишлар кўпчиликнинг дилини хира қиларди. Бахтимизга, рақамлаштириш ва замонавий технологиялар бу эскирган тизимни буткул ўзгартирди.
Бугун мактабгача таълим муассасаларига қабул жараёни тўлиқ электронлашган. Муҳими, ишлар инсон омилисиз бажарилади, яъни таниш-билишчилик ёки шахсий манфаатлар энди ҳеч нарсани ҳал қилмайди.
Ҳаммаси хавфсиз ва осон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 319-сонли қарорига мувофиқ, қабул тизими ота-оналар учун максимал даражада соддалаштирилди. Маъмурий регламентга киритилган ўзгаришлар туфайли энди қимматли вақтингизни ҳужжат тўплашга сарфламайсиз.
Тизимнинг асосий афзалликлари ва қулайликлари:
Ариза топширишда ҳеч қандай қоғоз ҳужжат илова қилиш талаб этилмайди. Базада барча керакли маълумотлар аллақачон мавжуд.
Аризани Давлат хизматлари маркази, туғруқ мажмуалари ёки уйдан чиқмаган ҳолда my.gov.uz портали орқали онлайн юбориш мумкин.
Болалар 3 ёшдан 6 ёшгача (мактабга чиққунига қадар) боғчаларга қабул қилинади.
Энг ажойиб имкониятлардан бири - бир вақтнинг ўзида мамлакатимиз ҳудудидаги исталган 3 тагача мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш мумкин. Бу танлов имкониятини ва боғчага кириш эҳтимолини бир неча баробарга оширади.
Навбат келди, энди нима қилиш керак?
Ота-оналар онлайн навбатини уйда ўтириб кузатиб боради. Навбат келганида эса телефон рақамига махсус СМС-хабар келади.
Хабарда қайси боғчага навбат келгани ва 5 та рақамдан иборат махсус код кўрсатилган бўлади.
Агар ота-она таклиф қилинган боғчани маъқул кўрса, ўша МТТ директорига учрашиб, телефонига келган 5 хонали кодни айтади. Бола расман боғча тарбияланувчисига айланади.
Шундай қилиб, шаффофлик, тезкорлик ва қулайлик бугунги таълим тизимининг бош мезонига айланди. Технологиялар инсон омилини четга суриб, фарзандларимиз келажаги учун тенг ва ҳалол имкониятлар эшигини очмоқда.
Фурқат ЖИЯНОВ,
вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг мактабгача таълим ташкилотларини мувофиқлаштириш шуъбаси бошлиғи.