Ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва иш жойида соғлом муҳит яратиш корхона раҳбарининг вазифаси

Шу шиор остида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида ўтказилган «Соғлом психологик-ижтимоий иш муҳитини таъминлайлик» мавзусидаги илмий-амалий семинар якунланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда иштирокчилари дастлаб электр энергияси, табиий газ, ичимлик сув таъминоти соҳаларига оид кўргазмалар билан танишдилар. Шунингдек, меҳмонларга Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети талабалари томонидан шаҳарсозлик анъаналари асосида тайёрланган лойиҳалар тақдимоти намойиш этилди.

Тадбирда вилоят касаба уюшмалари Кенгаши раиси С.Рафиқов вилоятимиз корхонава ташкилотларида ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари, дам олиш ва кўрсатилаётган ижтимоий ҳимоя кўлами ҳақида сўзлади.

Семинар доирасида Республика касаба уюшмалари Федерацияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Н.Ғойибназарова, Федерациянинг транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Н.Деҳқоновлар иш жойларида хавфсизлик маданиятини шакллантириш ва психофизиологик хавфларни бартараф этиш бўйича ўз тавсияларини беришди.

- Корхона-ташкилотларда психофизиологик хавф ва улардан ҳимояланиш ҳар бир ишчи-ходим учун муҳим аҳамият касб этади, - дейди Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш университети кафедра доценти, техника фанлари номзоди Ҳабиб Раззоқов. – Чунки ходимлар ҳам уйидан турли хил руҳий тушкунлик ва ҳолатлар билан ишга келиши мумкин. Кайфиятнинг кескин ўзгариши, сабабсиз депрессия, доимий чарчоқ ва энергиянинг йўқолиши, тизимли хатолар, стресс, кўз ёшлари, ваҳима ҳужумларига етарли даражада жавоб бермаслик, ижтимоий изоляция, ҳамкасблар билан мулоқот қилишдан бош тортиш каби хавфлардан ҳимояланиш учун уларга психологик ёрдам бериш корхона раҳбариятининг вазифаси ҳисобланади. Улар кузатувчан бўлиши ва ходимнинг хатти-ҳаракатларидаги ўзгаришларга эътибор бериш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида аниқлашга ёрдам беради.

Дилмурод Тўхтаев,

Бахтиёр Мустанов олган суратлар.