Самарқандда шундай боғча бор
Халқимизда "Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир", деган ҳикмат бор. Болаликда ўрганган одат ҳам инсон онгига шундай мустаҳкам ўрнашиб қолади.
Масалан, кўчат экиш, гул ўтқазиш, парвариш қилиш, чет тилларини ўрганиш... Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган мактабгача таълим муассасасида тарбия топаётган болажонлар ана шундай фойдали одатларни ўрганишмоқда. Бунда тарбиячиларнинг хизмати эътиборга лойиқ.
- Мактабгача таълим ташкилотимиз "Зарафшон" маҳалласида жойлашган, - дейди Самарқанд шаҳар 7-МТТ мудираси Раъно Эргашева. - 100 нафарга яқин болажонга тарбия беряпмиз. Уларнинг жисмонан ва руҳан ривожланишлари учун каратэ ва енгил атлетика, ақлий салоҳиятини ошириш учун фан ва шахмат-шашка тўгараклари ташкил этганмиз.
Юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилган пайтда ташкилотимизнинг жажжи болажонлари турли хил мевали ва манзарали дарахт кўчатларини завқ билан ўтқазишди. Бу уларнинг табиатга бўлган меҳрини оширишга хизмат қилди.
Муассасада кичкинтойларнинг чет тилларини ўрганишга қизиқишини орттиришга қилинаётган ҳаракатлар ҳам бошқа боғчаларга ибрат қилгулик экан. Аввало, болажонлар учун рус гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, ота-оналарнинг истак ва талабларига асосан ушбу гуруҳларда танлов асосида таълим ва тарбия бериляпти. Инглиз тилини ўрганишга эса болажонлар астойдил киришган. Бу тилда улар бурро гаплашишади.
- Келгуси йил февраль ойидан тарбиячи ва фан методистлари билан биргаликда корейс тили мукаммаллаштирилган ҳолда ўтиладиган гуруҳ ташкил этишни мақсад қилганмиз, - дейди Раъно Эргашева. - Болажонларимиз чет тилларни мукаммал билган ҳолда мактаб остонасига қадам қўйса, шу билан бирга ота-онани ҳурмат қилишни, эъзозлашни, табиатга меҳрибон бўлишни ўрганса, бу биз, тарбиячиларнинг энг катта ютуғи бўлади.