Бекорчиликдан корхона раҳбарлигигача. Ёхуд касбга йўналтирилган ишсизларнинг тақдири нима бўляпти?
«Институтга ҳужжат топшириб, кира олмаганимдан кейин бекор қолдим. Даромадим ҳам, қўлимда бирор ҳунарим ҳам йўқ эди. Шунда дадамнинг маслаҳати билан бандлик идорасига мурожаат қилдим. Улар мени касб-ҳунарга ўқитиш марказига ўқишга юборишди. Очиғи, ундаги IT йўналишини ҳам компьютер ўйинларини яхши кўрганим учун танлаганман. Бироқ ўқиш давомида соҳанинг улкан имкониятларини англаб етдим».
Бу бизнес намояндаларига яхши таниш бўлган “Sayqal marketing” агентлиги асосчиси Ўткир Баротовнинг муваффақиятга эришиш йўлидаги хотиралари. Ҳозир унинг агентлигида 8 нафар IT мутахассисининг бандлиги таъминланган. 200 нафарга яқин шогирди турли ташкилотларда самарали меҳнат қилмоқда. Суҳбатдошимиз яна бир нечта янги лойиҳалар устида ишлаётганлигини, яқин ўртада хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда IT йўналишидаги ўқув маркази очишини ҳам айтиб ўтди.
Бугунги кунда вилоятимизда банд бўлмаган аҳоли учун 2 та мономарказ, 4 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳамда 122 та маҳаллада аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш маскани фаолият юритмоқда. 2023 йилда уларда 11,3 минг нафар ишсиз фуқаро 37 йўналишда касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилган. Биз Самарқанд ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази мисолида айни амалиётнинг фуқаролар тақдиридаги аҳамиятини ўрганишга ҳаракат қилдик.
Аввало, марказ ҳақида тўхталсак. Муассаса Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Ўзбекистонда касб-ҳунарга ўқитиш имкониятларини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) иштирокида ташкил этилган. Бир йилда икки навбатда 310 нафар фуқарони ўқишга қабул қилиш имкониятига эга. Марказда бугунги меҳнат бозорида талаб юқори бўлган автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, электрон техникаларни монтаж қилиш ва созлаш, компьютер инжиниринг, компьютер графикаси ва мультимедия тизимлари техниги сингари 6 йўналиш бор.
- Марказимизнинг ўзига хос жиҳати шундаки, ўқувчиларимиз 6 ой шу ернинг ўзида назарий ва амалий билим олса, яна 2 ой корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўтайди, - дейди марказнинг маркетинг бўлими бошлиғи М.Камолов. - Яъни, улар амалиётни ўташ давомида тегишли корхоналар билан меҳнат шартномасини тузиши ёки бандлик идоралари орқали тузилган уч томонлама шартнома билан ишга жойлашиши мумкин. Ўқиш давомида истиқболли бизнес лойиҳаларни ишлаб чиққан ўқувчиларимиз шахсий ишини очиши учун стартап инкубаторимиздан фойдаланиши мумкин. Унинг резидентларига офис хизматлари ҳам кўрсатилади. Ва буларнинг барчаси бепул.
Компьютер инжиниринг ҳамда компьютер графикаси ва мультимедия тизимлари техниги бўлимларини умумлаштириб, IT бўлими дейишар экан. Мақоламиз қаҳрамони Ўткир Баротов айнан шу ерда биринчи сабоғини олган. Жами 90 нафар ўқувчи ўқийдиган бўлим тўлиқ замонавий компьютерлар билан жиҳозланган. Таълим дастури ҳам оддий эмас, бугунги саноат талабларини ўрганиш асосида яратилган. Бу ўқувчи олган билими орқали қандай даромад қилишни ҳам ўрганади, дегани.
- Марказимизга келганларнинг барчасида ҳам касб ўрганишга иштиёқ бўлмайди, - дейди IT бўлими раҳбари Жавлон Ҳакимов. – Шунчаки сертификат олгани келганлар ҳам бўлади. Бироқ бир неча кунлик машғулотлардан кейин уларнинг фикри ўзгаради. Сабаби, биз фақат даромад келтиришга хизмат қиладиган билимларни берамиз. Ҳар бир дарс ўқувчилар учун янги бир имконият эшигини очади. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, катта натижаларга эришганларнинг кўпчилиги бошидан оғир кунларни ўтказган. Масалан, мардикор бўлиб ишлаб, саломатлигини йўқотгач, ўқишга келган шогирдларим бўлган. Ҳозир улар ҳам IT хизматлари студияларини очиб, яхшигина даромад қилишяпти.
Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бугунги кунда талаб тобора ортиб бораётган касблардан бири ҳисобланади. Марказнинг мазкур йўналишида ҳам ўқувчилар сони кўп. Эътиборлиси, унда ўқийдиганларнинг ижод қилиши, автомобилсозликда янгилик яратиши учун барча шароит яратилган. Табиийки, устахона ҳам ижодий ишлар билан тўла. Автомобилни бошқариш учун симулятор дейсизми, газ қурилмасини ўрнатиш учун йиғма макет, электромобиль, буларнинг барчаси ўқувчиларнинг қўли билан ясалган.
- Устага шогирд тушиб, машинага газ қурилмасини ўрнатишни ўрганган эдим, - дейди ургутлик У.Қулмуродов. - Лекин автомобилларнинг тузилиши, қурилмаларининг ишлаш принципи ҳақида етарли билимга эга бўлмай туриб, яхши уста бўлолмаслигимни тушундим. Шунда сўраб-суриштириб, шу масканни топдим. Ўқиш давомида жуда кўп нарсаларни ўргандим. 8 ойда мустақил уста бўлиб етишдим.
Уста ўқишни 2017 йилда тамомлаган экан. Ҳозир у тадбиркор сифатида бир нечта автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларини бошқаради. Шогирдлари билан фаолият йўналишини янада кенгайтириш устида ишлаяпти.
Марказда ўқув дастурларини такомиллаштириш, хусусан, таълим жараёнини давр талабига мослаштириш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Электромобилларга техник хизмат кўрсатиш бўлимини ташкил этиш режаси шулардан бири. Вилоятимизда электромобиллар сони ой сайин ортгани ҳолда, уларга хизмат кўрсатиш эҳтиёжи деярли қондирилмаётганини ҳисобга олсак, янги мутахассислар тез фурсатда ўз жойларини топади.
- 80 та корхона билан ҳамкорлик шартномамиз бор, - дейди марказнинг машинасозлик ва электроника бўлими раҳбари Р.Хожаматов. – Айни кунда «Ўзстандарт» агентлиги лицензиясини олиш ҳаракатидамиз. Агар мақсадимизга эришсак, корхоналарнинг катта аниқликни талаб қиладиган ўлчов ва бошқа ускуналарини шу ернинг ўзида таъмирлаш мумкин бўлади. Ҳозир улар ускуналарини пойтахтга олиб боришга мажбур бўлишмоқда. Янги хизмат тури янги иш ўринлари дегани.
Муассасада хорижда ишлаш истагини билдирган фуқаролар учун ҳам кенг имкониятлар бор. Мисол учун, марказ 2023 йилда Жанубий Кореянинг Кеимюнг коллеж университети билан меморандум имзолаган. Улар келишган «1+2» лойиҳасига кўра, фуқароларимиз бир йил марказда ва 2 йил Кореяда ўқиб, ўша ернинг ўзида меҳнат фаолиятини давом эттириш имконияти билан касб ўрганиши мумкин. Шунингдек, Германия томони билан тузилган дуал таълим дастурига кўра, немис тилини биладиган фуқаролар Германияда ўқиб, ҳам ишлаши мумкин.
Булар марказда амалга оширилаётган ишларнинг бир қисми, холос. Асосийси, касб ўрганиш учун келган фуқаронинг ўзида иштиёқ бўлиши керак. Зеро, бу ерга бекорчи сифатида келган кўплаб инсонлар бугун ўзи иш берувчи бўлиб, катта жамоаларни бошқармоқда.
Асқар БАРОТОВ.