“Био-тек ва экотек”: Ўзбекистон замонавий архитектурасида бу услублардан кенг фойдаланиш вақти келди

Ҳар қандай қурилиш албатта унинг архитектуравий ечими ва лойиҳасисиз амалга оширилмайди. Хусусан, қурилиши режалаштирилган бино ёки иншоот функциясидан қатъий назар биринчи навбатда инсонларга шарт-шароит ва қулайликлар яратилган ҳолда ишлаб чиқилиши зарур ва шарт ҳисобланади.

Замонавий архитектура деганда албатта кўз олдимизга осмонўпар, футуристик кўриншдаги бинолар келиши аниқ. Лекин, чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак бинонинг жозибадорлиги унинг биргина ташқи кўриниши билангина чекланмайди, аксинча мазкур бинода фойдаланилган элементлар, унга ишлатилган услуб ва албатта инсонлар учун яратилган шароитларни ҳам ҳисобга олиш зарур.

Ривожланган давлатларда замонавий бинолар, осмонўпар иморатлар, ноанъанавий уй-жойларнинг структурасига алоҳида эътибор билан ёндашилганлигини кўришимиз мумкин. Бунда ўша халқнинг ўтмиши, қадриятлари, бой тарихий мероси ҳам ҳисобга олинади. Замонавий ва қадимий архитектура биноларининг уйғунлиги эса янгича йўналишларни, имижларни рўёбга чиқаради.

Ҳудди шундай, бизнинг юртимизда ҳам бу бўйича жуда катта тажриба, бой мерос бор. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги қадимий обидалар, мадрасаю, масжидлар, работлар ва турли тарихий обидаларнинг асрлар суронига, об-ҳаво инжиқликларига дош берадиган даражада пухта ишланганлиги ҳам юртимиздан қадимдан архитектура ривожланганлигини кўрсатади. Ушбу тарихий объектларни сақлаш келажак авлодга етказиш шу билан бир қаторда замонавий архитектурадан фойдаланиб шаҳарларимизни янада кўркамлаштиришимиз лозим.

Шу ўринда Ўзбекистон архитектураси шажарасига тўхталадиган бўлсак, уни тўртта гуруҳга бўлиш мумкин. Жумладан, ўрта асрлар анъанавий архитектураси, Чор Россияси коллониал архитектураси, Советлар даври архитектураси ва албатта ҳозирги замонамиз архитектураси.

Ҳаммамизга маълум, Самарқанд тарихий шаҳар бўлганлиги нуқтаи назаридан унинг ҳудуди “Темурийлар даври”, “Чор Россияси даври” ва уларнинг ҳимоя буфер зонаси ҳамда шаҳарнинг замонавий қисмига бўлинади. Хусусан, ушбу ҳудудларда ишлатиладиган ҳар қандай архитектура услублари юқорида баён қилинган архитектура шажарасининг барча гуруҳларидаги услубларни қамраб олади ва маданий мерос агентлиги томонидан доимий назорат остида амалга оширилади.

Picture background

Замонавий архитектура бўйича ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бугунги кунда юртимизда оммалашаётган “хай-тек” услубининг яратилиши ўтган асрнинг 80-йилларига бориб тақалади ва ҳозирда ушбу услубдан фойдаланиб келган давлатларда “био-тек ва экотек” услубига ўтилган.

“Био-тек ва экотек” услуби - “хай-тек” услубининг янгича шакли деса ҳам бўлади. Бошқача қилиб айтганда “Архитектуравий бионика” ҳам деб аталади. Ушбу услуб асосан она табиатимиз формалари билан уйғунлашган футуристик стиль ҳисобланади. Ушбу услубда лойиҳаланадиган ҳар қандай объектга қайта тикланувчи қуёш энергиясидан кенг фойдаланиш технологияси киритилган ҳолда, ташқи кўринишининг гўзаллиги ва жозибадорлигини асосан табиат билан уйғунлаштириб ишланади.

Мисол учун: Хитойнинг, Харбин шаҳридаги катта театр (Сувнинг жилоланиши формасида), Пекин шаҳридаги Миллий стадион (Қуш уяси шаклида). АҚШ, Милуоки шаҳридаги Бадиий музейи (Қуш парвози формасида) айнан ушбу услубда лойиҳаланган. Бу каби услубларни бадиий, маданий ва спорт объектларида қўллаш мақсадга мувофиқ.

Picture background

Замонавий архитектура кенг ривожланган давлатлардан бири ҳисобланадиган Сингапурда асосан уй-жойлар қурилиши давлат томонидан ташкиллаштирилиб, 80 фоиз аҳолиси шу каби ижтимоий уйларда истиқомат қилишади ва бу масала билан “Housing and Development Board” HDB компанияси шуғулланади. Энг қизиқ жиҳати, давлатнинг қонун-қоидаси бўйича аҳоли уйларни сотиб олишмайди, аксинча 99 йилга ижарага олишади. Мазкур уйларни лойиҳасининг қизиқарли жиҳати шундаки, деярли барча уйларнинг фасад кўриниши интернационал архитектуравий услубдан фойдаланилади ҳамда бинони таркибининг алоҳида бир қаватида умумфойдаланувдаги спорт билан шуғулланиш заллари, яна бир махсус қаватида меҳмонларни кутиб олиш ва базмгоҳ, ҳаттоки айримларида барбекю пишириш зоналари ташкиллаштирилган бўлиб, ерости автотураргоҳи ва бошқа қулайликлар ҳамда бошқа ижтимоий инфратузилма юқори даражада яратилган.

Бу каби уйларнинг ташқи архитектура кўриниши футуристик қиёфада бўлмаса-да, ўзининг ўзгача жозибадорлигига эга.

Шунингдек, бу ерда қуриладиган барча турдаги объектларда вертикал боғлар яратиш ёки яшил фасад дастури 1967 йилдан буён амалга оширилиб келинаётган бўлиб, бугунги кунга қадар яратилган боғларнинг ҳисоби чексиз. Хусусан, Сингапур – хусусий сектор томонидан барпо этилган 1000 та квартирадан иборат “Интерлейс” турар жой комплекси-яшил шаҳарчани мисол келтириш мумкин.

Сингапур тажрибаси мисолида замонавий архитектуранинг иқлимимизга мос жиҳатларини тадбиқ этиш. Хусусан, объектларда яшил боғларни яратиш лозим. Натижада яратилган боғлар бинонинг кўриниши жозибадорлиги замонавий архитектура қиёфасига янада чирой бағишлайди. Бу нафақат бинонинг ташқи кўринишини гўзаллаштиради балки, экологиямизга ҳам жуда катта фойда келтиради. 

Лазиз Ҳамидов.