Бир бўлсак – халқмиз, бирлашсак – Ватан!
Бирлашиш, жам бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш ҳар қандай ютуқнинг калити эканини биров билар, биров билмас. Аммо бунда катта ҳикмат, муваффақият борлигини биз, маҳалладошлар яна ҳам ёрқинроқ билдик, кўрдик, ҳис қилдик.
Мустақиллигимизнинг ўттиз уч йиллик шодиёналари ҳам Президентимиз ташаббуси билан «Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида ўтказилгани бежиз эмаслигини англадик.
Қутлуғ айём арафасида амалга оширилган “Open Budget” лойиҳаси орқали Паст Дарғом туманидаги Кичик Найман маҳалласи аҳолиси ҳам ўша якдиллик асосида “Open Budget” лойиҳасида ғолибликни қўлга киритиб, қўшалоқ байрамни нишонламоқда. Албатта, бу ғалабанинг бош омили маҳалла аҳлининг бирлигида, аҳиллигида бўлди. Яратилган имкониятдан фойдаланиб, маҳалладаги кекса-ю ёш, барча ўз маҳалласи ободлиги учун, ўз овозини берди.
- “Open Budget” лойиҳаси халқимизнинг муаммолари ҳал бўлишида кўмакчи бўлмоқда. Қирқ йиллардан буён қишда лой, ёзда чанг бўладиган абгор йўлларимиз энди асфальт қилинадиган бўлди. Барчаси бизнинг, қишлоғимиз аҳолисининг фаровонлиги учун, бундан жудаям мамнунмиз, - дейди маҳалла фаоли Олмос Муҳаммадиев.
Дарҳақиқат, ушбу лойиҳа орқали маҳалламиз аҳолиси орзуси ушалмоқда. Бобосига армон бўлган, отаси орзу қилишга истиҳола қилган ўтмишдаги бу рўёлар, авлодлар ҳамжиҳатлигида амалга ошмоқда. Албатта, ўз овози билан, ўз маҳалласини обод қилиш ростдан ҳам авваллари бир рўё эди. Инсон қадри тамойили асносидаги бу имкониятлар аҳолининг фаровонлиги хизмат қилади. Зеро, «Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!».
Шуҳрат Нормуродов.