Бир кечада 21 та қудуқ қопқоғи ўғирлаб кетилган
Вилоят Матбуот уйида "Самарқанд сув таъминоти" АЖ раҳбари ўринбосари Асатулла Турсунов ва корхонанинг шаҳар филиали бошлиғи Улуғбек Олланов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугун вилоятимиздаги 828 та маҳалла тўлиқ, 175 таси қисман марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланган. 120 та маҳалла аҳолиси эса ичимлик сувини бошқа манбалар орқали олади.
Жорий йилнинг биринчи ярмида корхона томонидан 35,8 километр сув тармоғи тортилиб, 35 та насос энергия тежамкорига алмаштирилган. Шунингдек Давлат дастури ижроси доирасида 8 та янги сув иншоотини қуриш, 2 та сув иншоотини реконструкция қилиш ҳамда 193 километр сув тармоғини қуриш бўйича берилган таклифлар асосида қурилиш-монташ ишлари олиб борилмоқда.
— Шаҳарнинг ер ости ичимлик суви тармоғининг узунлиги 801,4 километрга тенг, - дейди Улуғбек Олланов. – Шундан 223,1 километр қисми 1940-1970 йилларда ишга туширилганлиги боис ўз хизмат вазифасини ўтаб бўлган эди. Ўтган вақтда қилинган ишлар натижасида бу муаммоли қисм 118 километргача қисқарди. Тизимни реконструкция қилиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Тадбирда тармоқларда юзага келаётган аварияларнинг сабаблари, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар, усти очиқ қолаётган қудуқлар масаласи ҳам кўтарилди. Хусусан, масъуллар қудуқларнинг қопқоғини ўғирлаш ҳолатлари соҳа учун ҳам энг оғриқли нуқта эканлигини айтишди. Маълумотга кўра, Кимёгарлар қўрғонининг ўзида бир кечада 21 та қопқоқ ўғирлаб кетилган. Ўғрилар уларни арзимаган пулга сотади, аммо бу қопқоқлар корхонага донаси учун 850 минг сўмдан тушади. Албатта, ҳар бир қопқоқнинг устига қўриқчи қўйиб бўлмайди. Лекин айни масалага жамоатчиликнинг ўзи ҳам эътибор қаратса, жамиятда жамоат мулкига зарар етказувчиларга тоқатсизлик муҳити шаклланса, муаммо ўз ўзидан барҳам топади.
Асқар Баротов,
Ҳусан Элтоев (фото).