Бир йил ичида 69 миллиард сўмлик IT хизматлари кўрсатилган
Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бунга қандай эришилганлиги маълум қилинди.
Таъкидланганидек, 2023 йилда вилоятда ахборот технологияларини янада ривожлантириш учун 442,9 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Жумладан, Самарқанд шаҳрида IT-академиясини ташкил этиш учун 11 миллиард сўм, "Школа-21" филиалини очиш учун 20 миллиард сўм, мобил алоқа хизматини такомиллаштириш учун 279,1 миллиард сўм ажратилган.
Бундан ташқари, вилоятдаги IT-парк резидентлари сони 69 тага етказилган. 2022 йилда улар 44 тани ташкил қилган эди. Ёш дастурчиларни етиштириш мақсадида ҳудудда юқорида номи тилга олинган мактаблардан ташқари яна 14 та IT йўналишидаги таълим муассасалари очилган. Бунинг самараси ўлароқ, IT резидентлари томонидан компьютер дастурлаш хизматлари миқдори 69,6 миллиард сўмга (2022 йилда 17600 миллион сўм) етган. Шундан 4024 минг АҚШ долларини хизматлар экспорти ташкил этади.
Тадбирда бошқарманинг жорий йилги режалари ҳақида ҳам маълумот берилди. 691 та мобил алоқа база станцияларини ўрнатиш, резидентлар сонини 110 тага етказиш, IT хизматлар ҳажмини 750 миллиард сўмга етказиш шулар жумласидан.