IT билан шуғулланиб, йилига 1 миллион доллар топиш мумкин(ми?)
Кейинги йилларда мамлакатимизда ахборот технологиялари (IT) соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу нафақат шаҳар марказларида, балки энг чекка ҳудудларда яшовчи ёшлар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очяпти.
Масалан, ўтган йили Нуробод туманининг тоғли ҳудудида жойлашган Оқсой маҳалласида IT Village барпо этилди. Марказда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган нурободлик ёшлар ва ҳудудга яқин бўлган қўшни туманларда яшовчи ўғил-қизлар дастурлаш ва инглиз тилидан таълим олмоқда.
- “IT Village” лойиҳамиз амалга оширилгач, минг нафарга яқин ёшлар ўқув курсларига жалб қилинди, - дейди лойиҳа кординатори Бобур Саъдуллаев. – Айни пайтда 100 нафар ўқувчи дастурлаш ва инглиз тилидан сабоқ оляпти. Июль ойидан робототехника йўналишини ҳам йўлга қўйдик. Келгусида дастурчи бўламан деган ёшларимизни суҳбат орқали саралаб олиб, ўқув курсларимизга жалб қиляпмиз. Ҳозирги кунда ўқувчиларимизнинг бир нечаси мустақил веб-сайтлар ярата бошлади.
Марказ ҳудудида ўқувчилар учун етарли шароитлар бор. Очиқ осмон остида ўтиладиган машғулотлар янги лойиҳалар яратиш учун илҳом бағишлайди. Бундай имкониятдан тўғри фойдаланаётган ёшлар зарур бўлган билим ва кўникмаларга эга бўляпти.
- Маҳалламизда очилган “IT Village”да инглиз тили ва дастурлаш йўналишида 2 йилдан буён таълим олиб келяпман, - дейди Амирхон Маннонов. – Бу ерда ўқиш мутлақо бепул ва барча зарур шароитлар яратилган. Аввало, компьютерда тез ёзиш ва ундан тўғри фойдаланиш ҳақидаги кўникмаларга эга бўлдик. Айни пайтда HTML, CSS, Java Script каби ўнга яқин дастурлаш тилларини ўрганяпмиз. Бугунги кунда ўзим мустақил вебсайтлар ярата оламан. Келгусида IT йўналишида етук мутахассис бўлишни мақсад қилганман.
Самарқанд шаҳридаги ўқув марказлардан бирида таълим олаётган Муҳаммад Олимов минг долларлаб даромад топаётган ёшлардан бири.
- Ҳозирги кунда онлайн ишимга эгаман, - дейди у. - Фрилансерлик билан 2 йилдан буён шуғулланаман. Ойлик даромадим ўртача 2 минг доллар. Бу харажатларим учун камлик қилмайди, лекин янада кўпроқ пул топишга ҳаракат қиляпман. Яқинда IELTS топшираман, бу менинг даромадимни икки бараварга кўтаради, яъни ойига 4 минг долларгача топишим мумкин. Бу Ўзбекистонда яхши даромад ҳисобланади. Аммо бу билан ҳам чекланиб қолмай, кейинчалик чет давлатларда малака ошириб йиллик 1 миллион долларлик даромад топадиган мутахассисга айланиш ниятим бор.
IT йўналишида фаолият олиб боришни мақсад қилиб, ҳам дастурлаш, ҳам инглиз тилини ўрганаётган, ёш бўлишига қарамасдан мўмайгина даромад топаётган бундай йигит-қизларга ҳавас қилсак арзийди.
Дилноза Аҳмадова,
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.