IT хизматлари экспорти: биринчи чоракда 1,7 миллион АҚШ доллари

Бу вилоят Матбуот уйида Самарқандда IT хизматлари экспортини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида айтилди.

Унда мавзу юзасидан Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят ҳудудий шуъбаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев маълумот берди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган биринчи чорагида вилоятдаги IT хизматларини экспорт қилувчи корхоналар сони 36 тага етиб, улардаги 513 нафар мутахассис томонидан 1703 минг АҚШ долларилик хизматлар экспорт қилинган. Ҳолбуки, ўтган 2023 йилнинг шу даврида вилоятда бор-йўғи 12 та шундай корхона бўлиб, экспорт ҳажми 503 минг АҚШ долларини ташкил этган.

- Йил бошида вилоятда IT хизматлари экспортини ривожлантириш мақсадида вазирлик ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида 13 йўналишдан иборат чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, - дейди Дилмурод Хўжамбердиев. – Шунга мувофиқ, ўтган вақтда АҚШнинг 20 дан зиёд IT компаниялари билан музокаралар олиб борилиб, Logex, Upaynet, RX2go сингари истиқболли компаниялар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ҳозир уларнинг вилоятимиздаги бўлимларида 100 нафардан зиёд маҳаллий ёшлар иш билан таъминланган.

Тадбирда соҳада кутилаётган янгиликлар, IT хизматлари экспортини амалга оширувчи юридик шахсларга қонунчиликка мувофиқ берилаётган имтиёз тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтилди.