Ерни ноқонуний эгаллаб олиш муқаррар жавобгарликка олиб келади
6 ойда 1912 ҳолатда 487,9 гектар ер майдони турли мақсадларда фойдаланиш учун ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.
Бу ҳақда Кадастр агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Фозил Худойқулов Зарневсъузга маълум қилди.
- Президентимизнинг ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда доимий равишда ер назорати тадбирлари ўтказилиб келинмоқда, - деди Ф.Худойқулов. - Жорий йилнинг олти ойида ер муносабатлари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари ўрганилганда 1912 ҳолатда 487,9 гектар ер майдони турли мақсадларда фойдаланиш учун ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Ачинарлиси, ўзбошимчалик билан эгалланган ерларнинг 420 гектари ёки 86 фоизи қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бўлиб, шундан 220 гектари суғориладиган ерлар ҳиссасига тўғри келади.
Эгалланган ерларнинг 21,8 гектари Оқдарё,
55 гектари Каттақўрғон, 50 гектари Қўшработ,
95 гектари Паяриқ, 74 гектари Паст Дарғом, 42 гектари Пахтачи, 53 гектари Нуробод, 30 гектари Ургут туманига тўғри келади.
Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан агентликнинг туман бўлимлари томонидан ер қонунбузилишини содир этган шахсларга берилган тушунтириш ва ёзма кўрсатмалар натижасида 602 ҳолатда 192,4 гектардаги ер қонунбузилиш ҳолатлари ихтиёрий бартараф этилди. 1,52 гектардаги 263 та ноқонуний қурилмалар бузилди.
Ер қонунбузилишини ихтиёрий бартараф этмаган 1001 ҳолат бўйича судга даъво аризалар киритилди. Прокуратура органларига тақдим этилган маълумотлар асосида 85 ҳолат ЖПКнинг бўйича жиноий иш қўзғатилди ва 54 та иш бўйича тергов давом этмоқда.
Суд идораларига киритилган 1001 та даъво аризанинг 460 таси юзасидан суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиб, мажбурий ижро бюросига қаратилган бўлса-да ижро этилмаяпти.
Маълумот учун, судларнинг ҳал қилув қарорлари Сумарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида 16 тадан, Тойлоқда 19 та, Оқдарёда 50 та, Булунғурда 36 та, Жомбойда 47 та, Иштихон 16 та, Каттақўрғонда 35 та, Қўшработ 30 та, Нарпайда 5 та, Паяриқда 50 та, Паст Дарғомда 29 та, Пахтачида 22 та, Самарқандда 27 та, Нурободда 22 та ва Ургут туманида 40 тага тўғри келади.
Мисол учун, Паст Дарғом туманида “Самарқанд камалак инвест” МЧЖга қарашли 0,15 гектар ер майдонини Боғишамол маҳалласида яшовчи фуқаро Самад Азизов ўзбошимчалик билан эгаллаб, 130 квадрат метр майдонда уй-жой ва бошқа қурилмалар қурган. Ўзбошимча қурилма бўйича Кадастр агентлиги томонидан 51 миллион сўм жарима жазоси, мажбурий ижро бюросига қаратилган бўлса-да, қўлланилган жарима ундирилмаган. Ноқонуний қурилишни буздириш ва ер майдонини қайтариш юзасидан судга даъво ариза жорий йилнинг 29 январида киритилиб, суд томонидан мазкур даъво 18 мартда кўриб чиқилиб қаноатлантирилган. Аммо, уч ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, ижроси таъминланмаган.
Яна бир ҳолатда Булунғур туманида туман ҳокимлиги захирасида бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 0,19 гектар ер майдони Исори ўроқли маҳалласида яшовчи фуқаро Равшан Бурхонов томонидан ўзбошимчалик билан эгалланиб, 211 квадрат метр майдонда уй-жой қурилган. Бу иш бўйича ҳам Кадастр агентлиги томонидан 51 миллион сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилиб, мажбурий ижро бюросига берилган бўлса-да, жарима ундирилмаган. Ноқонуний қурилишни буздириш ва ер майдонини қайтариш юзасидан суд қарори ҳам уч ойдан ортиқ вақтдан буён ижро этилмаяпти.
Ерларни ноқонуний эгаллаб, қурилиш қилган шахсларга қўлланилган жарималар ундирилмаса, ноқонуний қурилишлари буздирилмаса бу каби ҳолатлар ортиб бораверади.
Мисол учун, бу йил ерларни ўзбошимчалик билан эгалланишини 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда 1398 тага ёки 342,4 гектарга ошган. Бунга асосий сабаб халқ тилида “аксия” деб нотўғри талқин қилинаётган янги қонун лойиҳасини эшитиб, ҳатто айрим фуқаролар “Қурилиши мавжуд бўлса, эгалик ҳуқуқи эътироф этилар экан”, деган нотўғри фикрга келиб, бўш турган ерларга иморат қуриб олишга ҳаракат қилмоқда.
Сектор раҳбарлари ўз ҳудудидан ноқонуний қурилган қурилишларни буздириш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларини қайтариш юзасидан чиқарилган қарорлар ижросини Мажбурий ижро бюроси ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда таъминласа яхши бўларди.
Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимлари томонидан йил давомида ер қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 1017 та маъмурий иш кўрилиб, 30,109 миллиард сўм миқдорида жарима жазолари қўлланилган. Мажбурий ижро бюросида 231 ҳолатда 9 миллиард 376 миллион сўм жарима ундирилмасдан қолмоқда.