Бугун туғилган кун: Абдусаид Кўчимов 70 ёшда
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли ёзувчи ва шоир Абдусаид Кўчимов 1951 йил 15 май куни Ургут туманида туғилган.
1972 йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини «Ўқитувчи» нашриётидан бошлаган. Кейинчалик "Ленин учқуни" газетасида, “Шарқ юлдузи” журналида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси ва бошқа қатор масъул лавозимларда ишлаган.
Йигирмага яқин шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.
2017 йилдан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори лавозимида ишлаб келмоқда.
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени ҳамда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Устоз журналистни қутлуғ ёши билан қутлаймиз.
***
ТАНТИ ЎЗБEК
Саховатли сахий куздек
Саодатли элдир ўзбек,
Буқабўйин – ман-манларга
Парво қилмас жанда-бўздек.
Жаҳондаги бирон миллат,
Эл-улусдан йўқдир ками.
Юлдузлардек боқий қудрат –
Аждодларин қутлуғ шаъни.
Боболарин қанча халқлар
Бизники, деб талашади.
Бундай шараф – шоён тахтлар
Ўзбекка хўп ярашади.
Азал-абад сочар ёғду
“Авесто”дек бўстонлари.
Жасоратга жасур кўзгу
“Алпомиш”бек достонлари.
Дўстларига меҳри қуёш,
Дўстларига қурбон жони.
Пашша каби эзар, бебош
Аллоп-қаллоб, бевафони.
Ҳавас билан боқар дунё
Тоғдай кўркам савлатига.
Дур маҳлиё, нур маҳлиё
Ўзбекистон давлатига.
Не-не фотиҳ, не-не ҳоқон
Синаб аччиқ омадини,
Эга олмай тутди мотам
Ўзбекнинг алп қоматини.
МИРЗО УЛУҒБEК ҲАЙКАЛИ ҚОШИДА
Юлдузларни санаш мумкиндир балким,
Ҳисоблаш мумкиндир сайёраларни.
Санаб саноғига етолмас ҳеч ким
Ўзбекзаминдаги алломаларни.
Мана, минг йилларким ҳайратда башар
Беруний, Навоий, Куброларимга.
Яна минг асрлар таъзимга шошар
Мирзо Улуғбекдек даҳоларимга.
ФИЗИКЛАР ФАЛСАФАСИ
Бир-бирига муҳаббат
Бўлмаса бу дунёда,
Сайёраю қитъалар
Айланарди рўёга.
Меҳр нури оламга
Мангуликни бахш этди.
Ньютон шу меҳрдан
Буюк қонун кашф этди.