Бугун замонавий мактабгача таълим муассасаси қандай бўлиши керак?
Каттақўрғон туман мактабгача таълим бўлимида “Бугунги куннинг мактабгача таълим муассасаси қандай бўлиши керак?” мавзуида тарбиячи педагоглар учун ўқув-амалий семинари бўлиб ўтди.
Унда болаларни соғлом овқатлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли сақлаш, кичик кутубхоналар ташкил этиш, “Илк қадам” давлат талаблари асосида таълим-тарбия жараёнини сифатли ташкил этиш, педагог кадрларнинг кўникма ва малакаларини шакллантириш, тарбияланувчиларни мактаб таълимига тайёрлаш каби масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, ҳар бир болани муассасаларга қабул қилишни регламент асосида амалга ошириш, ўқув жиҳозларидан таълим-тарбия жараёнида ўринли ва самарали фойдаланиш, уларни сифатли сақлаш, муассасада ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, янги педагогик технологиялардан фойдаланиш, ҳар бир муассаса мудиралари томонидан “Open EMIS” ахборот тизимга маълумотларни мунтазам равишда киритиш, мактабгача таълим муассасаларида Кузатув кенгаши фаолияти ташкил этиш, энг муҳими ижро интизомига тўлиқ риоя этишни назоратдан чиқармаслик бўйича мудираларга тушунча берилди.
Бугунги кунда туманимиздаги 58 та давлат мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган 418 нафар педагогларнинг 89 нафари олий маълумотли ходимларни ташкил этади.
2018 йилда 5 та давлат мактабгача таълим муассасалари Давлат инвестиция дастури, 1 та давлат мактабгача таълим муассасаси “Обод қишлоқ” дастури асосида қайта қурилиб, 1 та давлат мактабгача таълим муассасаси “Обод маҳалла” дастури асосида капитал таъмирланди.
Туманимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 30 июлдаги “Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари асосида ташаббускор тадбиркорлар томондан 27 та давлат-хусусий шерикчилик асосида , 74 та оилавий нодавлат таълим муассасалари ташкил этиш бўйича таклифлари ижобий ҳал этилди.
Жумладан, 50 ўринга мўлжалланган “Миттижон” ҳамда 50 ўринли “DREAM KIDS” давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Яқин кунларда 60 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг ишга тушиши натижасида қўшимча яна 1 500 нафар 3-7 ёшли болажонлар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинади ва қамров даражаси 32 фоизни ташкил этади.
Яқинда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан туман мактабгача таълим муассасаларига 103 турдаги турли хил ўйинчоқлардан 9 724 дона, 4 турдаги 1 940 дона ўқув қўлланмалари тарқатилди.
Тоштурди Алқаров, Каттақўрғон туман мактабгача
таълим бўлими мудири.