Буюк Британия матбуоти: “Самарқанд дунёдаги энг гўзал шаҳар”
Кўҳна Самарқанднинг бой мероси Буюк Британия оммавий ахборот воситалари диққатини тортмоқда. Яқинда ушбу мамлакатнинг энг нуфузли газеталари – “Daily Express” ва “Sunday Express” электрон портали – “Express.co.uk”да кўҳна Самарқанднинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақола эълон қилинди.
Британия нашрида қайд этилишича, қадимий Самарқанд турли маданиятлар чорраҳаси бўлиб ҳам хизмат қилади.
Муаллиф Самарқанд мероси замонлар ва асрлар билан чамбарчас боғлиқлиги, қадимий шаҳарнинг ранг-баранг, бой тарихини ўрганишга интилаётганлар учун ташриф буюришга арзийдиган маскан эканини алоҳида қайд этган.
– Самарқанд дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бири сифатида тан олинган, келгусида Европанинг машҳур йўналишлари каби кўплаб сайёҳларни жалб қилишига ишонамиз, – дейилади мақолада.
Материалда, шунингдек, ушбу тарихий шаҳар ўзининг бой маданий меросидан далолат берувчи кўплаб йирик ёдгорликларга эгалиги ёзилган. Масалан, Регистон майдони, Бибихоним масжиди, мафтункор Шоҳи Зинда ансамбли, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ана шундай бебаҳо иншоотлар сирасига киради.
Б.Худойбердиев.