Чақалоқ савдоси қаердан келиб чиқяпти?

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда кейинги уч йил ичида 185 та чақалоқ ва ёш бола савдоси бўйича ҳолат аниқланган. Уларнинг 89 фоизи 1 ёшгача бўлган болалар ҳисобланади.

Бу ҳақда Самарқанд вилоят перинатал марказида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссия ишчи гуруҳи томонидан "Чақалоқ савдосининг олдини олиш - долзарб масала" мавзусида ўтказилган тадбирда айтилди.

Унда вилоят ИИБ одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходими Т.Элбоев кейинги йилларда чақалоқ савдоси кўпайиб бораётганлиги, унинг сабаблари, бу жиноят ишининг олди олинишида нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида гапирди.

- Аввало, ҳар бир туғруқхона, перинатал марказда туғилиш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш ўз вақтида бўлиши ва бу ҳақда тегишли идораларга хабардор қилиш зарур, - деди Т.Элбоев.

Чақалоқ савдоси одам савдосининг бир кўриниши. Унинг олдини олишга кўмаклашиш ва бу жиноятга қарши курашиш мақсадида нафақат давлат, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам жалб қилинган. Масалан, республика "Истиқболли авлод" ижтимоий ахборот маркази бу борада фаол ташкилот ҳисобланади. Тадбирда марказнинг Самарқанд вилоят бўлими директори ушбу ташкилотнинг фаолияти ва республика бўйлаб жорий қилинган "Долзарб алоқа тармоғи" тезкор рақамларининг одам савдосидан жабрланганларни қўллаб-қувватлашдаги аҳамияти, фуқароларни ҳуқуқий онгини оширишдаги ўрни ҳақида маълумот берди.

Жалолхон Амирхонов.