Чекка бир қишлоқнинг чекка уйлари... муаммолар гирдобида
Қурилиш - Паст Дарғом ва Нуробод туманларининг чегарасидаги Қоқсой маҳалласида жойлашган қишлоқ бўлиб, 2700 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Туман маркази Жума шаҳридан 30 километр узоқдаги қишлоқ одамларининг асосий тирикчилиги - чорвачилик ва деҳқончилик.
Йиллар давомида зарур инфратузилмага эга бўлмаган қишлоқлар одамлари йўлларнинг тор ва нотекислиги, таълим, тиббиёт каби ижтимоий соҳа муассасаларидаги ҳаминқадар шароитлардан, электр энергияси ва суюлтирилган газ таъминотидаги узилишлардан, йўлларнинг қишда лой, ёзда чанг бўлиши оқибатида транспорт ҳаракати чекланишидан азият чекиб, яшаётган эди.
Кейинги йилларда маҳаллада одамларнинг муносиб турмуш кечириши учун керакли шароит яратилмоқда. Қурилиш-ободонлаштириш ишлари маҳалла қиёфасини ўзгартириб, аҳолининг неча йиллик муаммоларини ҳал қилмоқда.
Маҳалламизга олиб борувчи йўлда йирик ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, - дейди Қоқсой маҳалласи раиси Саодат Жуманова. – Қарийб 7 километр масофадаги йўл асфальт қилинди. 11 та кўчанинг 7 тасига тош тўкилиб, 2 таси асфальт бўлди. Кўчалар ва ариқлар, тураржой бинолари, ижтимоий соҳа объектлари атрофи тартибга келтирилиб, ободонлаштирилмоқда. Ўтган йили 95-умумтаълим мактаби учун 185 ўринли қўшимча бино барпо этилди. Алоқачиларнинг 2 та мобиль алоқа антенналари ўрнатиши натижасида бу борадаги муаммо ҳам ҳал этилди.
Бироқ маҳаллада ҳали ўз ечимини топмаган муаммолар жуда кўп. Жумладан, Қурилиш қишлоғида ичимлик суви муаммоси охиригача ҳал бўлмаган. Деярли ҳар бир хонадонда артезиан қудуқлари бор. Марказлашган ичимлик суви қудуғидан атрофдаги бир-иккита хонадон ва мактабга сув бораркан. 120 хонадонли Қурилиш-3 қишлоғида ҳам марказлашган ичимлик суви йўқ. 5,5 километр ичимлик суви қувурлари тортиш зарур.
Маиший газ баллонлари келмаганига 52 кун бўлди, - дейди опа. – Аҳоли ҳар куни келиб «Газ баллон келмадими?» деб ҳоли-жонимга қуймайди. Кунига туман газ таъминоти идорасига қўнғироқ қиламан. «Эрта борамиз, индин борамиз», деб жавоб беришади. Охирги марта шу йилнинг 2 октябрида келиб тарқатилган эди. Аҳолига газ баллонлари етишмайди.
Маҳалла аҳлининг 280 нафардан зиёд боғча ёшидаги фарзандлари бор. Лекин, 2 та хусусий боғчада бор-йўғи 50-60 та бола қатнайди. Маҳалладагилар бир неча бор туман ва вилоят ҳокимлигига давлат-шериклик асосида боғча қуриб беришларини сўраб, мурожаат қилишган бўлса-да, ҳали жавоби йўқ.
Режага асосан, маҳаллага 70 тонна кўмир ажратилган экан. Бироқ эндигина 4,5 тоннаси ўз эгаларига етиб борган экан. Нима учун камлигини сабабини сўраганимизда, келаётган кўмирнинг майдаланиб, кукунга айланиб қолаётганини айтишди.
- Очиғи, бу кўмирни ёқишга қўрқамиз, неваралар бор, - дейди 70 ёшли Розия она. – Майда кўмир яхши ёнмайди, тутаб кетади. Ис гази жуда хавфли бўлади. Ёз ойларида анча-мунча маҳаллий ёқилғи - тезак ва ўтинни ғамлаб қўйганмиз. Қолаверса, айрим тадбиркорлар машинада кўчаларни айланиб Қозоғистон кўмирини бир килограммини 1400-1500 сўмдан сотиб юрибди. Шулардан оламиз, қимматликка қимматку-я, лекин нима қилайлик, анча хавфсиз-да.
Қишлоқда жойлашган 180 ўринли 95-умумтаълим мактабида ҳам кўпгина хайрли ишларга кўзимиз тушди. Икки йил илгари таълим муассасасининг эски бинолари ўрнига замонавий иситиш тизимига эга бўлган иккита янги бинолар қурилибди.
Мактабимизда ҳали қиладиган иш кўп, - дейди мактаб директори Муҳайё Мусурмонова. – Яна бир эски бино ўрнида спорт ва фаоллар зали, каттароқ кутубхона ҳамда ошхона қуриш керак. Ҳар йили 450-500 га яқин турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазамиз, бироқ тўсиқ билан ўралмаганлиги сабабли қишлоқ моллари кириб пайҳон қилиб кетади. Шунинг учун мактабимиз атрофини қарийб 480 метрлик тўсиқ билан ўрашимиз керак. Буларнинг ҳаммаси маблағ билан боғлиқ.
Шунингдек, маҳаллада қишлоқ врачлик пункти йўқ. Иши тушганлар 10 километрлар чамаси узоқдаги қўшни Гулистон маҳалласидаги қишлоқ врачлик пункти филиалига боришар экан. «Тез ёрдам» шохобчаси ҳам шу филиалда жойлашган.
- Зарур ҳолларда 5-10 дақиқада «Тез ёрдам» машинаси етиб келади,-дейди С.Жуманова. – Лекин 7-8 минг аҳоли яшайдиган ҳудудга камлик қилади. Ўтган йили маҳалламизга ҳомиладор аёллар кўриги ва болаларни эмлаш учун жиҳозланган вагон – мини поликлиника ўрнатиб, патронаж ҳамшира ажратишди. 2-3 йил илгари қишлоғимизга республика ва вилоят шифохоналари ва тиббиёт марказларидан тажрибали шифокорлар келиб чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказишган эди. Кўпчиликка маъқул келган ана шундай кўрикларни ўтказиб туришса яхши бўларди.
Маҳаллада 1398 нафар хотин-қиз яшайди. Маҳалла хотин-қизлар фаоли Ш.Ёздонова уларнинг саломатлиги, оилавий ва ижтимоий аҳволидан хабар олиб туради.
- Ўтган йили 48 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилган эди, дейди Шоира Ёздонова. – Етти нафар аёлга оиласи билан деҳқончилик қилиши учун 30 сотихдан ер ажратилиб, артезиан қудуқ қазиб, сув чиқаришлари учун имтиёзли кредит ажратиб бердик. Уч нафарига иссиқхонага, 2 нафарига паррандачилик билан шуғулланишлари учун кредит маблағи берилди.
“Дафтар”га киритилган Гулчеҳра Рўзиева иссиқхонада помидор кўчатлари етиштириш билан шуғулланади. Жорий йил баҳорда 500 минг тўп кўчат етиштириб, аҳолига арзон нархларда сотди.
- Ҳар йили бозордан кўчат олиб келиб экиб деҳқончилик қилардик, - дейди Г.Рўзиева. - Сув етмаслиги сабабли тез қуриб, кўп харажатга тушар эдик. Иссиқхона қурганимиз сабабли энди кўчатўзимизда бор. Ортганини қўни-қўшниларга ҳам улашяпмиз.
Маҳаллада 12 нафар ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган, шунингдек, 4 нафар ногирон фарзанди бўлган аёллар бор. Турли байрам ва сайилларда уларга озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат совға-саломлар улашилади.
Маҳалла аҳлининг энг катта муаммоларидан бири – электр энергиясининг мунтазам ўчиб туриши экан. Ҳатто маҳаллага кириб борганимизда ҳам электр йўқ эди.
- Ҳар куни шу аҳвол, - дейди қишлоқ оқсоқолларидан бири Абдумурод бобо. – Ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган симёғочларнинг 80 фоизи аллақачон ўз вазифасини ўтаб бўлган. Камига ўнлаб қўлбола устунлар ўрнатилган. Бутун бошли қишлоғимизда биттагина трансформатор ишлаб турибди. Йилдан йилга аҳоли ва хонадонлар сони ошиб боряпти. Лекин трансформатор ўзгаргани йўқ. Сал шамол кўтарилса, юклама ошиб, дарров ўчиб қолади. Бугунги кунда 170 дан зиёд бетон устун ва 1 та қўшимча трансформатор керак бўляпти.
Маҳалла марказида ҳам иситиш тизими ўрнатилмаган. Хавфли бўлса-да, электр печ қўйилган, у ҳам етарлича иссиқ бермайди. Хоналар совуқлигидан ўтириб ишлаб бўлмайди?
Дарвоқе, биз маҳаллага кириб борганимизда кун жуда совуқ бўлиб, ҳарорат -8...-10 даражани ташкил қиларди. Дарахтларда ноёб табиий ҳодиса - булдуруқ тушганига гувоҳ бўлдик. Дов-дарахтлар, ўт-ўланлар худди қиров қоплагандек оппоқ эди. Маҳалла оқсоқолларининг айтишича, бу баракадан дарак берар экан. Ростдан ҳам баракали бўлиб, келгуси йилда бу маҳаллада ҳам инсонлар қадр-қиммати янада эъзоз топиб, барчанинг бирдек яшаши учун кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликларга сабаб бўлар.
Дилмурод Тўхтаев,
Бахтиёр Мустанов.