«COVID-21» пайдо бўлдими? Мутахассис изоҳ берди

Вирусология институти директори, профессор Эркин Мусабоев коронавируснинг янги шакли, «COVID-21»нинг пайдо бўлганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган аудио ёзувга изоҳ берди:

- «COVID-19» инфекцияси янги штаммлари пайдо бўлса ҳам, янги «COVID-21» вируси пайдо бўлганлиги ҳақидаги баёнот нотўғри. Вакцинация «COVID-19» нинг барча штаммларидан ҳимоя қилади, хавф гуруҳидаги одамлар касал бўлиб тузалган бўлса ҳам эмланиш зарур ҳисобланади.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда коронавируснинг клиник белгиларида ўзгаришлар юз берди, яъни йўтал ва иситманинг кам намоён бўлган, аммо бўғимларда катта оғриқ белгиларига эга беморлар сони ортди.

Зангиота касалхонасидаги беморларнинг таҳлиллари шуни кўрсатадики, коронавирус инфекцияси оқибатларидан ўлиш ҳолатлари ошмади. ПЦР-тест ёрдамида коронавирусни аниқлаш имконсиз бўлиб қолди, дейиш ноўрин, чунки аввал ҳам димоғда вирусни аниқлашда 30 фоизлик хатоликка йўл қўйилган эди.

Коронавирус инфекциясини даволаш бўйича бир йиллик тажрибадан келиб чиқиб, Ўзбекистонда даволаш баённомаси тузилиб, амалда унинг юқори самарадорлиги исботланди.

Касаллик йўқолмади, биз у билан яшашга, яъни ниқоб тақишга, ижтимоий масофани сақлашга, қўллар гигиенасига риоя қилишга одатланишимиз керак.