ЖССТ: “Омикрон” 38 та мамлакатга етиб борди, ўлим ҳолати кузатилмади
Коронавируснинг янги штамми дунё бўйлаб шиддат билан тарқаляпти. ЖССТнинг маълум қилишича, ҳозиргача “омикрон” 38 та мамлакатда қайд этилди.
Бу рўйхатнинг сўнгги поғоналарида Аргентина ҳам бор. Янги штамм 30 ноябрь куни Жанубий Африка Республикасидан АҚШ орқали мамлакатга қайтган фуқарода аниқланган.
У жўнашидан олдин ҳам, етиб келгач ҳам COVID-19га тест топширган. Натижалар “салбий” чиққанига қарамай, у карантинга олинган. Бироқ куни кеча ўтказилган такрорий текширувлар “ижобий” натижани кўрсатди.
Аргентина Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, саёҳатчи аввалроқ коронавирусга қарши тўлиқ эмланган. Шу сабабли унда ҳозир касаллик белгилари йўқ.
Коронавируснинг янги мутацияси Тунисда аниқланганидан кўп ўтмай, Руминияда ҳам дастлабки иккита ҳолат рўйхатга олинди.
“Омикрон” худди “дельта” штамми каби болалар саломатлигига ҳам хавф солиши мумкинлиги барчада жиддий хавотирлар уйғотмоқда. Чунки Канаданинг Онтарио провинциясида 12 ёшли болада ушбу вирус тури қайд этилди.
Пандемия даврида касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари бўйича энг юқори ўринни банд этиб келаётган АҚШ ҳам янги штаммга қарши жиддий курашишига тўғри келади. Негаки, шу кунгача мамлакатнинг 15 га яқин штатида “омикрон” варианти рўйхатга олинди.
Россияда эса илк шубҳали ҳолатлар ҳали ўз тасдиғини топгани йўқ. Уч кун авввал Жанубий Африкадан шахсий авиарейс орқали қайтган икки йўловчида COVID-19 аниқланган бўлса-да, бу вирус тури қайси штаммга мансублиги текшириляпти.
ЖССТнинг соғлиқни сақлаш билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар дастури ижрочи директори Майкл Раяннинг баёнот беришича, “омикрон” юқиши оқибатида ҳали бирорта ўлим ҳолати кузатилмади. Янги штаммнинг юқумлилик даражаси ва асоратларини ўрганиш ва аниқлаш учун яна бир неча ҳафта керак бўлади.
Шунингдек, ЖССТ “омикрон” бошқа штаммларни сиқиб чиқариши мумкинлигини истисно этмаяпти. Бу ҳолат юз берса, Европада коронавирусга чалинган беморларнинг ярми ушбу вариант билан касалланади.
Шунга қарамай, мазкур ташкилот эксперти Мария ван Керкхове дастлабки кузатишлари натижасини эълон қилди. Унга кўра, “омикрон” штаммини юқтирганларда касаллик нисбатан енгилроқ ўтмоқда. Аммо якуний хулосалар чиқаришга ҳали эрта.
Муҳими, амалдаги вакциналар ушбу штаммга қарши ҳам самара бериши мумкин. Буни янги штамм ўчоғи бўлган Жанубий Африка Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ҳам тасдиқлади.
Унинг қайд этишича, коронавирусга қарши эмланган одамларда хасталик енгил ўтади. Бироқ вакцина олмаганларнинг қарийб барчаси касалхоналарга ётқизилиши мумкин.