Япон олимлари: “Омикрон”нинг янги мутацияси ўпкага “зарба” бермоқда
Дунёда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кундан-кун камаяётгани инсоният учун яхши янгилик. Бу пандемиянинг ўткир босқичи ортда қолаётганини англатади.
Аммо шунга қарамай, олимлар “омикрон”нинг янги ВА.2 субварианти кенг тарқала бошлаганидан жиддий ташвишда. Таҳлилларга кўра, мазкур мутация ҳозиргача 60 га яқин мамлакатда аниқланган.
Хўш, мутахассисларни кўпроқ нима хавотирга солмоқда? Гап шундаки, коронавируснинг ушбу янги тури ҳозирги одатий “омикрон”дан кескин фарқланади. Аввало, ушбу вирус мутациясига ташхис қўйиш бирмунча мураккаб. Шу сабабли у аллақачон “кўринмас штамм” дея ном олиб улгурди.
Қолаверса, юқумлилик даражаси анча юқори. Инсон организмидаги антитаначалар ҳужумларига “чап бериш”га қодир. Энг ёмони, унга чалинганда касаллик нисбатан оғир асоратлар билан кечиши мумкин. Япон олимлари ўтказган тадқиқот натижалари буни тасдиқлади.
Унга кўра, “омикрон”нинг ВА.2 турида кўпроқ “дельта” штаммига хос хусусиятлар намоён бўлмоқда. Яъни, мазкур субвариант энди юқори нафас йўлларигагина эмас, балки инсоннинг нозик аъзоси — ўпкасига “зарба” бермоқда.
Яна бир факт: россиялик таниқли эпидемиолог Елена Гасичнинг таъкидлашича, “омикрон”нинг ҳозирги анъанавий тури билан хасталанганда, асосан шамоллаш, яъни ЎРВИ белгилари намоён бўлса, ВА.2 вариантида таъм ва ҳид билиш қобилияти йўқолиши кузатиляпти. Бундан ташқари, касаллик ошқозон-ичак фаолияти бузилиши билан ҳам кечмоқда.
Шунга қарамай, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Россиядаги махсус вакили Мелита Вуйнович шу йил коронавирус пандемияси тугаши мумкинлигини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, пандемия ниҳояланиши одамлар энди COVID-19га чалинмаслигини англатмайди. Фақат инфекцияни юқтириш кўрсаткичлари кескин камайиб, ўсиш динамикаси қайд этилмайди.
"Касалланганлар сони кўплиги вируснинг мутацияга учраш имкониятига эгалигини билдиради, - дейди ЖССТ махсус вакили. - Шу сабабли, ҳозир эпидемиологик вазият келгусида қандай тус олишини аниқ билмаймиз. Бироқ СOVID-19 бутун дунёни айланиб чиққач, йирик эпидемиялар тугайди, деган тахминлар бор".