Дам олиш кунларида 50 минг нафар самарқандлик муддатидан олдин овоз берди
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Комиссия раиси Х.Муҳаммадиев бошқарган мажлисда дастлаб сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнларини кузатиш учун сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларига кузатувчи мандатини бериш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сиёсий партиялар вилоят ташкилотлари ҳамда вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинлари бошқарув органи мурожаатлари асосида округ сайлов комиссияси томонидан вилоятдаги 1112 та сайлов участкасида овоз бериш жараёнларини кузатиш учун партиялар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари вакилларига кузатувчи мандати берилди.
Шундан сўнг, “Ўзтелеком” акциядорлик жамияти Самарқанд филиали бошлиғининг биринчи ўринбосари З.Худойберганов округ ҳудудида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.
Қайд этилишича, барча сайлов участкаларида юқори тезликдаги интернет ва сифатли телефон алоқасини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилган. Ҳар бир тумандан камида иккитадан сайлов участкасида овоз бериш жараёнларини онлайн кузатиб бориш имконияти яратилади.
Мажлисдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида комиссиянинг шу пайтгача амалга оширган ишлари ва шу кунлардаги жараёнлар ҳақида маълумот берилди.
– 9 июль куни ўтказиладиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси ҳал қилувчи палласига яқинлашмоқда, – деди Х.Муҳаммадиев. – Бу галги сайлов ҳам мамлакатимизда демократик ўзгаришлар асосида, миллий ва халқаро сайлов стандартларига тўла амал қилган ҳолда ўтмоқда. Сайлов кампанияси Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тасдиқлаган календарь режа ва тегишли қарорлар асосида олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 20 июндаги қарори билан муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 28 июнда бошланиб, 5 июль куни якунланиши белгиланди.
Қурбон ҳайити муносабати билан эълон қилинган 5 кунлик байрам ва қўшимча дам олиш кунларида ҳам сайлов участкаларида фуқаролар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди. Шу кунлар давомида вилоят бўйича 50 минг нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
Сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни жуда муҳим. Шунинг учун сайлов билан боғлиқ барча жараёнлар журналистлар учун очиқ ва ошкора ташкил этилмоқда. Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган оммавий ахборот воситалари ходимлари сайлов кампанияси тадбирларини фаол ёритиб бормоқда. Шу пайтгача вилоятимиз бўйича 120 нафардан ортиқ ОАВ ходимлари аккредитациядан ўтказилди.
Округ матбуот маркази.