Дарслар “Нуронийлар” чойхонасида ўтилмайдиган бўлди

Самарқанд шаҳридаги 71-умумий ўрта таълим мактабида айрим дарс машғулотлари маҳаллада жойлашган “Нуронийлар” чойхонасида ўтилган. Мактаб биноси таъмирталаблиги, фаоллар зали йўқлиги ва дарс машғулотларини ўтиш учун синф хоналари етишмаслиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган.
Муаммо билан танишган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Самарқанд шаҳар кенгашига депутат Аҳмаджон Маматов шаҳар ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бўлимига депутатлик сўрови киритган.
- Ўқув биномиз 240 ўринга мўлжалланган бўлса-да, мактабимизда 635 нафар ўқувчи таълим олмоқда, - дейди таълим муассасаси директори Зебо Аҳмедова. - Депутатимиз Аҳмаджон Маматов ташаббуси билан мутасаддиларга қилинган мурожаат асосида пандемия шароитига қарамасдан, мактаб қурилиши учун зарур маблағ ажратилиб, 770 ўринли мактаб биносини қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Лойиҳа бўйича мактабда 3 та қўшимча бинолар қурилиши назарда тутилган. Жумладан, 3 ва 2 қаватли ўқув бинолари ҳамда спорт зали бунёд этилади. Қурилиш ишларини молиялаштиришнинг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан, 50 фоизи эса хусусий қурилиш ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилади. Хусусий сектор томонидан лойиҳани молиялаштириш ва тўлиқ қуриб, фойдаланишга топшириш ишлари Самарқанд шаҳридаги 71-умумий ўрта таълим мактабининг собиқ битирувчилари раҳбарлик қилаётган “Қаюмов строй инвест” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Согда Зарафшон сувқурилиш” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қурилиш ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Зилола ДЎСАНОВА,
“Адолат” СДП Самарқанд шаҳар кенгаши раиси.