Давлат хизматчиси ҳар ерда, ҳар томонлама намуна кўрсатиши керак

Жорий йилнинг 8 августида Президентимиз томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва фаолиятини ягона қоидалар асосида тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Қонунда давлат фуқаролик хизматчиларига қуйидаги талаб ва вазифалар қўйилмоқда. Яъни, раҳбарлик лавозимига тайинланаётган ҳар қандай шахс олий маълумотга ва давлат фуқаролик хизмати ҳамда эгаллаган мутахассислигига доир қонун ҳужжатларини қўллаш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим.

Шунингдек, давлат хизматчисидан хорижий тиллардан бирини мукаммал билиш, стратегик ва таҳлилий фикр юрита олиш, софлик ва адолатда ўрнак бўлиш, иш вақтидан самарали фойдаланиш, коррупция ҳолатларига қарши курашиш каби хислатлар талаб этилади.

Давлат хизматчиларининг хизмат фаолиятига оид ва хизматдан ташқари одоб-ахлоқи, жамоатчилик билан муносабатларига доир қоидаларга риоя этишларини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари” тасдиқланди.

Албатта, ҳар бир давлат органи, ҳокимликлар ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти самарадорлиги уларда меҳнат қилаётган ходимларнинг идоравий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишига боғлиқ. Энди ушбу намунавий қоидаларда давлат фуқаролик хизматчиларининг нафақат фаолияти давомидаги, балки ишдан ташқари вақтдаги хулқ-атворининг умумий қоидалари ҳам белгиланди. Жумладан, давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиш, масъулият, касбига садоқат ва ҳалолликни кундалик шиорга айлантириш, мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш давлат хизматчисининг муҳим фазилатлари сифатида кўрилади.

Давлат хизматчисининг фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ҳамда ҳурмат ҳиссини уйғотиши, жамоада, оиласида соғлом муҳитни таъминлаш, оила аъзоларига доимий ғамхўр бўлиши, фарзандларида ватанпарварлик ва бошқа юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириши, фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий аҳволи ва бошқа омиллардан қатъи назар, улар билан бир хил, самимий, одоб доирасида муносабатда бўлиши жамият равнақи ҳамда халқ манфаатларига хизмат қилади.

Ойбек ОҚБЎТАЕВ, вилоят молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.