Депутат маҳаллага ҳисобот беради

Zarnews.uz сайтида 2020 йилнинг 10 январь куни эълон қилинган “Маҳалла депутатдан нега фойдалана олмаяпти?” номли мақолага муносабат.
Кўраяпмиз, гувоҳи бўлаяпмиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига сайланган айрим депутатлар фуқаролар эътироз билдирганидек, сайловчилар билан сайлов ўтганидан сўнг деярли учрашувлар ташкил этмайди. Айрим ҳудудларда фуқаролар ўзлари сайлаган депутатларни танимаслигини ҳам маълум қилишаяпти.
Шу маънода журналист Фармон Тошев ўз чиқишида “...Депутатларнинг фаоллиги маҳаллада нега кўзга ташланмаяпти? Aйрим депутатлар йиллар давомида сайловчилар билан мулоқот ўтказмайди. Баъзан у ёки бу санага бағишлаб номигагина тадбир ўтказишади”, дея айни ҳақиқатни кўтариб чиққан.
Албатта, аҳоли, аниқроғи сайловчилар депутатга ишончни қарзга берган. Одатда қарз узилиши керак. Акс ҳолда икки ўртадаги ишончга путур етади. Менимча, айнан шунинг учун депутатни чақириб олиш ваколати сиёсий партиялар ва сайловчиларга берилган.
Айтмоқчи бўлганим, депутат одамлар билдирган ишончни оқламадими, уни чақириб олиш шарт. Бунда албатта, маҳалла оқсоқолларининг ташаббускорлиги талаб этилади. Негаки, жойлардаги у ёки бу масалаларни, муаммоларни ҳал этишда фуқаролар йиғинларига катта ҳуқуқ берилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ҳамда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлари, Президентимиз ва Ҳукуматимизнинг бир қатор ҳужжатларида фуқаролар йиғинларига ҳар чоракда ҳокимлик ва ҳокимлик тизимига кирувчи ташкилотлар, маҳалла ҳудудида жойлашган ташкилот ва идоралар, секторлар раҳбарларининг, шунингдек, шу ҳудуддан сайланган депутатларнинг ҳисоботларини эшитиш ваколатлари белгилаб берилган.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 2 апрелдаги фармони билан мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинди.
Унда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш белгиланди.
Шунингдек, ҳар чоракда аниқланган муаммолар тўғрисида умумлашган маълумотлар, шунингдек, тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиш бўйича таклифларни халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиш учун киритиш талаб этилади.
Мақолада эътироз билдирилганича бор. Шунча ҳуқуқ ва ваколатга қарамасдан, айрим фуқаролар йиғинлари раислари ўз ваколатларини тўлиқ англаб етмаганлиги ёки ишига масъулиятсизлиги оқибатида ҳокимлик, ҳокимлик тизимига кирувчи ташкилотлар, секторлар ва депутатлар кучидан тўлақонли фойдалана олмаяпти. Бир сўз билан айтганда, маҳалладаги муаммо ва масалаларни кўтариб чиқолмаяпти.
Вилоят маҳаллалар Кенгаши журналист Фармон Тошев кўтарган масалани қўллаб-қувватлаган ҳолда маҳалла раисларига ишни тизимли йўлга қўйишлари, депутатлар билан учрашув жадвалини ишлаб чиқишлари ва жадвал асосида мулоқотлар ўтказишлари, маҳалла идорасида депутатларнинг исм-шарифи, иш ва қўл телефони ёзилган лавҳа илиб қўйишлари тавсия қилинди.
Шунингдек, ҳар ойда бир марта депутат иштирокида у ёки бу қонун тарғиботи бўйича учрашувлар уюштириш, аҳоли талабларини таҳлил қилиб, депутатга етказишлари, ҳудудга мўлжалланган лойиҳалардан ва улар ижросидан аҳолини хабардор қилиб боришлари юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Хулоса ўрнида, янги сайланган депутатларимиз ўзлари сайланган ҳудудда сайловчилар билан учрашувлар уюштириб, тўпланиб қолган муаммо ва масалаларни фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда маҳаллий ҳокимлик ва бошқарув идораларига олиб чиқса, ижросини назоратга олса, ўйлаймизки, жойлардаги муаммолар ечими тезлашади ва халқ рози бўлади.
Бадриддин НАСРИЕВ,
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.