Депутат мактабга кузатув камералари ўрнатиб берди

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, тадбиркор Нарзиқул Холиқов сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммо ва дардларини кўтариб чиқишда фаоллик кўрсатмоқда.

У яқинда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Самарқанд шаҳрида дарахтларга ташқи реклама воситалари ўрнатилганини қоралаб, муаммо ечими юзасидан ўз таклифларини билдирган эди. Бу эса мутасадди ташкилотларга таъсир қилиб, масала кенг миқёсда ўрганилди ҳамда дарахтларни бундай “либос”дан тозалашга киришилди.

Депутатнинг бу галги хайрли ташаббуси сайлов округи ҳудудидаги 43-умумий ўрта таълим мактаби синфхоналарига кузатув камералари ўрнатиш билан боғлиқ бўлди.

– Шу пайтгача мактабимиз ҳовлисида кузатув камералар бўлса-да, синфхоналарда йўқ эди, – дейди мактаб директори ўринбосари Муродқул Мадиев. – Вилоят Кенгашига сайлаган депутатимиз Н.Холиқов юқори синф ўқувчилари ўқийдиган 8 та синфхонамизга замонавий кузатув камералари ўрнатиб берди. Бу камералар нафақат тасвирни, балки овозни ҳам ёзиб олар экан. Директор хонасидаги мониторда синфхоналардаги дарс жараёнларини кузатиб туриш мумкин. Бу ўқувчиларнинг машғулотларда фаол иштирок этиши ва дарс сифатига ижобий таъсир қилмоқда.