Дунё архивчилари Самарқандда йиғилди
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида МДҲ иштирокчи давлатлари архив хизматлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгаши 19-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Маслаҳат кенгаши аъзо давлатлари архив иши раҳбарлари, мутахассислар, олимлар, жамоатчилик фаоллари ва ёшлар иштирок этди.
Мазкур кенгаш 2004 йил 3 декабрда архив иши билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳамкорликда кўриб чиқиш, ҳужжат алмашишдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилган. Маслаҳат кенгаши таркибига Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Арманистон, Россия, Тожикистон архив хизматлари раҳбарлари киради. Ўзбекистон 2021 йил 24 февралдан ушбу кенгашга доимий иштирокчи сифатида қўшилган ва бу йилги маслаҳат кенгашига раислик қилмоқда.
- Ҳар икки йилда ўтказиладиган маслаҳат кенгашидан асосий мақсад архив иши соҳасида тажриба алмашиш ва электрон архив ҳужжатларни тартибга келтиришдан иборат, - дейди “Ўзархив” агентлиги директори ўринбосари Шерзод Содиқов. – Мазкур кенгашга расман аъзо бўлганимиз архив иши ва иш юритиш бўйича муаммоларни ҳал этишга қаратилган халқаро анжуманларда фаол иштирок этиш, республикада амалга оширилаётган ишлар сифатини халқаро талаблар ва андозалар даражасига кўтариш, шунингдек, республикамиздан ташқарида бўлган архив ҳужжатларини аниқлаш ва уларнинг асл ёки электрон нусхаларини қайтариш масалаларини ижобий ва тезкор ҳал этишдаги жараёнларни мақбуллаштириш борасида бир қатор имкониятларни яратади. Шундай имкониятлар сабаб ҳозирда ушбу маслаҳат кенгашида кузатувчи мақомида иштирок этиш таклифи билан чиқаётган давлатлар сони ортмоқда. Хусусан, бугунги кенгашда Туркия, Хитой, Венгрия каби мамлакатлардан вакиллар иштирок этяпти.
Тадбир доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Конференцияда 40 дан ортиқ хорижлик экспертлар қатнашди. Соҳа мутахассисларининг электрон ҳужжатларини жамлаш, ҳисобини олиб бориш, сақлаш ва фойдаланишни ташкил этиш бўйича илмий маърузалари тингланди.
- Соҳада замонавий технологияларни жорий этиш, хусусан, рақамли технологиялардан фойдаланиш бугун олдимизда турган асосий вазифалардан бири, - дейди Қирғизистон Республикаси рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Архив хизмати раиси Мария Алибоева. – Архив ҳужжатларини электронлаштириш бир мамлакат мисолида аҳолига қулайликлар яратса, мамлакатлараро ҳужжат алмашинувида тезкорликка имконият яратади. Бугунги маслаҳат кенгаши иштирокчилари айни шу жиҳатга кўпроқ эътибор қаратяпти.
Тадбир давомида Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивининг 80 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган китоб-альбом ҳамда Ўзбекистон кинематография агентлиги томонидан Али Ҳамроев режиссёрлигида тайёрланган “Мангу лаҳзалар” ҳужжатли фильмнинг тақдимоти ўтказилди.
Сулаймон Мардиев.