Давлатимиз раҳбари марҳум Исмоил Жўрабеков оиласига ҳамдардлик билдирди

Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков жорий йил 28 сентябрь куни вафот этган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев бугун таъзияли хонадонга ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.

Давлатимиз раҳбари марҳумнинг эзгу ишларини, Ватанимизга хизматларини ёдга олди.

Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд шаҳрида ишчи оиласида туғилган. Меҳнат фаолияти давомида сув хўжалиги соҳасида масъул лавозимларда меҳнат қилиб, республикамизда ирригация ва мелиорация соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. 1985 йилда Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Мустақиллик йилларида И.Жўрабеков Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Давлат сув назорати бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси лавозимларида ҳам самарали фаолият олиб борди.

Сўнгги йилларда И.Жўрабеков мўътабар ёшда бўлишига қарамасдан, сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида хизмат қилиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этди.

Давлат ва жамоат арбобининг халқимиз ва Ватанимиз олдидаги хизматлари муносиб баҳоланиб, у “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони ҳамда давлатимизнинг бир қатор юксак мукофотлари билан тақдирланган эди.

Давлатимиз раҳбари марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади. Улар Президентимизга ташрифи ва далда сўзлари учун миннатдорлик билдирди.