​​Маҳалланинг фариштаси

- Тарбия кўрмаганлар, - ёзғириб қоларди Тожиниса хола.

Саксондан сакраб ўтган бу миқти кампир катта бувимнинг ён қўшниси бўлиб, ранги ўчган чит кўйлак ва эскигина кавушли қишлоқ "тарбиячиси" эди.

У ярим вайрона кулбасида эллик бешларга етган ногирон ўғли билан бирга яшарди.

Ғалати эдида ўзиям.

У туфайли маҳалламизда сўкиниш, урушиш тугул, ҳатто қаттиқ гапириб бўлмас, боласини назоратсиз қолдирадиган оналарини-ку сира аяб ўтирмасди.

- Мандан хафа бўлма қизим, “бола бошдан” дейдилар! Ўша дилбузорингни камроқ кўрсанг сандан хафа бўлмайди.

Парвойи фалак оналарнинг қоши чимирилиб, дадилроғи тилидаги заҳарни шарт сочарди:

- Уффф! Жонга тегдингиз, хола! Атиги битта кино кўрдим. Нимага ҳаммани уйига бостириб келиб, лексия ўқуврасиз? Ана, ўйнашяпти балодай! Сизга оғирлиги тушмасин!

Тожиниса хола ҳар доим қимирлатиб турадиган бошини бадтарроқ қимирлатиб, насиҳатни давом эттирар эди:

- Ҳай-ҳай, қизим! Омонатини бало дема! Илоҳим, соғ-омонликда кўзингни қувнатиб юришсин!

Бунақа воқеалар қишлоғимизда кўп бўларди. Холанинг ташрифидан сўнг оналарга инсоф бериб, болалари борлиги ёдига тушар, гап таъсир қилмаганларини эса эрлари тарбиялаб оларди.

Қуда- анда, қўни-қўшни, ака-ука можаролари тез тугаса қизиқ бўларкан. Аслида одамлар кампирнинг узоқ давом этгувчи насиҳатларини эшитиб туришдан кўра ярашиб олишни маъқул кўришарди. Хола узоқлашгач, жанжални давом эттирмоқчи бўлишарди-ю, кейин нимадир ўхшамай қоларди. Қўйди- чиқдиларнинг йўқлиги туфайли, биз томонга қиз узатиб, келин қилишга орзумандлар ҳам кўп эди.

Яна бир гап. Хола Раҳмат акани ичмайдиган, Жаннат опани юрмайдиган, оқсуяк Ширинни қораларнинг устидан кулмайдиган қилиб тарбиялаганларидан сўнг, Ҳамро ўғрига ҳам навбат келди.

Бечора... Келиб-келиб холанинг уйига ўғирликка тушадими? Буям бесабаб эмасдир, Аллоҳнинг меҳри-да! Нима бўлганини билмаймиз-у, қамоқ тузата олмаган ўғри ўша ернинг ўзидаёқ қинғир ишларини ташлашга сўз берибди.

Кампирнинг бир оғиз гапи билан уни қабристонга қоровул этиб тайинлашди. Кекса гўрков ўлгач, унинг иши ҳам собиқ ўғрига қолди. Барибир қишлоқ аҳли норози эди.

- Ўлсин! Ўликларимиз шу пиёниста ўғрига қолдими?

- Кампир шу ишга аралашмаса бўларди. Гўрковлик қилишга покдомонроқ одам топиларди...

Висир-висирларнинг чегараси йўқ, «Ҳамро ўғри мармар тошларни қўпориб сотмаяптимикин» деган хавотир билан марҳумларини унутган олифталар ҳам тез-тез зиёратга келиб турадиган бўлиб қолишди.

Тожиниса хола ҳам судралиб келар, марҳумларни алоҳида, Хамрони алоҳида дуо қилгач, яна секингина кулбасига қайтарди...

Қишлоқ аҳлига яна бир ғам тушди. Энди одамлар қабристонда тез-тез дийдорлашиб ўтирган кампир ва ўғридан гумонсираб уйқулари қочганди...

Аммо бу хавотирлар ноўрин экан. Қиш чиқмай ўғри ҳеч ким қилмаган савоб ишларни бошлаб юборди. Уялганча узоқдан уни кузатаётган одамлар тилларини тишлашдан бошқа чоралари қолмади.

Ҳамро ўғри эмас, Ҳамро тоға аввал мозорнинг тўкилган деворларини пахса уриб тиклади. Дарахтларни оқлади. Аллақачон синиб кетган эшик ўрнига, тахтадан дарвоза ясаб, халқнинг дуосини олди. Қабристонга олиб кирадиган, ҳамиша тиканак ўсиб ётадиган йўлни теккислаб, анвойи гуллар экиб яшнатиб юборди.

Буни қаранг, ўша гуллар барқ уриб очилган кунларининг бирида Тожиниса хола омонатини осонгина топшириб, Яратганнинг ҳузурига чиройли йўлдан равона бўлди.

Муаззам Иброҳимова.