Дунёни ўзгартириши кутилаётган келажак технологиялари
Дунё вақт ўтгани сайин ўзгармоқда ва ҳар кун такомиллашмоқда, ҳар кун қандайдир кашфиётлар қилинмоқда. Бу ютуқларсиз биз ҳозирги кунда бу даражада ривожланмаган бўлар эдик.
Бутун дунё тадқиқотчилари, ишлаб чиқарувчилари ва дизайнерлари ҳаётимизни енгиллаштиришга ва қизиқарли қилишга интилиб янгиликлар яратишмоқда. Эътиборингизга келажакда кенг оммалашиши кутилаётган айрим келажак технологияларини тақдим этамиз.
3D – принтер
Мазкур технология бир неча йилдан бери биз билан биргалигига қарамасдан, 3D – принтер тобора такомиллашиб бормоқда. Технологиянинг борган сари арзонлашиши ва оммага кенг тарқалиши сабабли 3D – принтер борган сари кенг омманинг ажратиб бўлмас қисмига айланмоқда.
Мутахассислар ҳаёт учун зарур тана қисмларини 3D принтерида босиб чиқариш устида изланишлар олиб бормоқда, улар операция вақтида донор аъзо сифатида фойдаланиш имконини беради. Изланишлар якунига етгач инсонлар донорларга навбат кутишдан хавотирланмасалар ҳам бўлади.
Бундан ташқари, кўп вақт ўтмасдан одамлар ўзларига уй, велосипед ва ҳатто автомобиль босиб чиқариш имкониятига эга бўладилар.
Hyperloop вакуумли поезд
Бундай технологияни яратиш фикри Элон Маск бу орзуни ҳаётга тадбиқ этишга жазм қилгунига қадар бир неча ўн йилдан бери мутахассислар ақлини банд этиб келмоқда эди. Hyperloop – бу катта транспорт тизими бўлиб, унда вакуумли вагонларда махсус вакуумли йўлаклар орқали соатига 1300 км. (товуш тезлигидан юқори) тезликда йўловчиларни ташиш имконияти туғилади.
Рақамли мониторлар орқали кўрсатиладиган турли хил кўнгилочар дастурлар мазкур тезкор саёҳатни нафақат мамнуниятли, балки завқли ўтишига ваъда бермоқда. Hyperloop мутахассислари мазкур система ҳозирги кунда қўлланилаётган ҳар қандай транспорт системасидан самаралироқ ва арзонроқ бўлишини эътироф этишмоқда.
Ўзини ўзи бошқарадиган автомобиллар
Дунёдаги энг кўп кутилаётган технология. Автоҳалокатлар оқибатида миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишмоқда, буларнинг барчасига инсон омили сабаб, хусусан маст ҳолда автомобилни бошқариш, чарчаш, эътиборсизлик ва масъулиятсизлик. Ҳайдовчисиз автомобиллар буларнинг барчасидан халос бўлиш имкониятини беради.
Нанотехнология
Сувни зарарли моддалардан тозалашдан бошлаб инсон организмини таҳлил қилиш ва зарарли моддалардан тозалашгача – нанотехнологиялар яқин келажакда биз тасаввур қила олмайдиган даражадаги оламни ваъда қилишмоқда.
Бор йўғи бир қанча нанометр ҳажмдаги зарра машиналар яқин келажакда инсон ДНКсини ўрганишни бошлашади ва бизга жисмларнинг бошланғич таркибини ўзгартириш имконини беришади.
Мазкур машиналар шунчалик кичик бўлишадики, улар ишлаши учун қувватни юрак уришимиз ритми ёки ҳужайраларимиздаги кимёвий моддаларнинг ўзи етарли бўлади. Нанотехнологиялар ёрдамида биз Альцгеймер, саратон, ОИТС ва бошқа касалликлар устидан мутлоқ ғолиб бўламиз.
Вақт ўтиб инсоният нанотехникасиз ўтган даврга тош асри даврига қарагандек қарайди, бироқ хозирча бу технология бизга нималар ҳадя эта олиши ҳақида фақатгина фараз ва орзу қила оламиз.
Аугментация – Жисмонан ва ақлан кучайиш
Бионика инсон юз тузилишини ўзгартиради. Тўғри маънода. Биз техникага қанчалик яқинлашганимиз сари, бизнинг имкониятларимиз ҳозиргига нисбатан бир неча баробар ошадиган даврга яқинлашиб бормоқдамиз.
Кўз нурини бир неча баробар кучайтира оладиган линзалар, кўзи ожиз инсонларга кўриш имконини берадиган видеокамералар, баландроқ сакраш, тезроқ югуриш, кўпроқ юк кўтариш ва ҳатто электрон ускуналарни идрок орқали бошқариш – инсон ва машина ўртасидаги чегара секин асталик билан йўқолиб бормоқда. Янги имкониятлар туфайли биз катта эҳтимолга кўра, бизларга номаълум янгидан янги ҳис–туйғуларни бошдан ўтказамиз. Балки биз рангларни “эшитишимиз” ёки электрон майдонларни “ҳис қилишимиз” ёки бўлмаса “Матрица” фильмидаги каби янги маълумотни шунчаки миямизга юклаб олишимиз мумкин бўлади.
Сунъий гўшт
Сунъий гўшт етиштириш бўйича технология жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Таъми ва энергия қуввати бўйича лабораторияда ўстирилган намуналар табиий маҳсулотга тенглаштирилган. Шу билан етиштиришнинг бу усули атроф-муҳитга зиёни камроқ ва фойдалироқ. БМТ берган маълумотларга кўра, XXI аср ўрталарига келиб Ер юзи аҳолиси 10 млрд.га яқинлашади ва гўштга бўлган эҳтиёжнинг камайиши амри маҳол.
Роботлар ва дронлар
Робототехниканинг ривожланиши оқибатида биз дўстона роботлар ҳақида кўпроқ эшитадиган бўлдик. Ҳозирги кунда кузатилаётган дронлар оммалашуви – бу фақат бошланиши. Тез орада бозорда янада ақлли ва янада фойдали машиналар пайдо бўлади.
Булар инсонларга ёрдам беришга ёки суҳбат қуришга мўлжалланган бўлишадими ёки инсонларни айрим соҳаларда (официант, бармен, оқ соч) ўрнини эгаллайдиган роботлар бўлишадими бунинг аҳамияти йўқ, бир нарса аниқ: Робототехника ривожланиши тўхтамайди. Ҳеч қанча вақт ўтмай телевизор, компьютер, кир ювиш машинаси ва микротўлқинли печь билан бир қаторда робот – ёрдамчилар ҳам сайёранинг деярли барча хонадонининг ажралмас қисмига айланади.
Устма-уст экадиган фермер хўжаликлари
Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилга келиб сайёранинг 80 фоиз аҳолиси шаҳар марказлари ичида яшашади, шу сабабли кўпчилик давлатларнинг асосий муаммоси озиқ-овқат етиштириш муаммосини ҳал қилиш бўлади. Устма-уст экадиган фермер хўжаликлари кўпчилик оролли ҳудудларнинг муаммосига ҳозирги куннинг ўзида ечим бўляпти.
Озиқ-овқат маҳсулотларини устма-уст етиштириш тизимининг қўлланилиши бўш ҳудуд муаммосини ҳал қилишда жуда самарали ечим бўлади. Айниқса ҳозирги кунда ер майдонларини бутун дунёда йилдан йилга қимматлаб бораётганлиги ҳисобга олинса. Бундан ташқари, бундай фермаларни қурилиш тизими сувни тежашга имкон беради. Бундай фермалар ҳақиқатдан ҳам тоза ва янги маҳсулот етиштиришда муаммонинг тоза ва тежамли ечими ҳисобланмоқда.
Ҳақиқий сунъий идрок
Кўп йиллардан бери ОАВ биз билан суҳбатлаша оладиган, бизнинг буйруқларимизни ва туйғу, ҳатто ҳазилларимизни ҳам тушуна оладиган кибернетик шерик ваъда қилишмоқда. Бироқ айни дамда ушбу орзу орзулигича қолмоқда.
Шу билан бирга кўп ўтмай ҳаммаси ўзгариши мумкин, чунки муҳандислар туну кун тинмасдан инсон туйғу ва ифодасини тушуна оладиган дастур устида изланишлар олиб боришмоқда. Илғор технологиялар ютуқлари сабабли, юз тузилишни аниқлаш технологиясидаги айрим СИ дастурлари бизни жаҳлимиз чиққанини, хафа бўлганимизни ёки хурсандлигимизни тушуниш имкониятига эга. Уларнинг айримлари ҳатто “кўриб турган” воқеа-ҳодисани таърифлаш имкониятга эга.
Буларнинг барчаси атроф-муҳитни ўрганишга ва ўзларининг тажрибалари билан бўлишишга қодир роботлар яратилишидаги илк қадамлардир. Айнан шу фикрни мақсад қилиб, мутахассислар бир кун келиб, етук ва кенг фикрловчи машиналар яратишга умид қилишмоқда.
Бонус: 1000 йил умр кўриш
Кембридж геронтолог олими Обри де Грей фикрига кўра, агар технология шу зайлда ривожланишда давом этса, жуда яқин келажакда 1000 йил умр кўра оладиган инсонлар пайдо бўлади.
Тадқиқотчи, бўлиниш имкониятини йўқотган ҳужайраларни йўқ қиладиган ва унинг ўрнига соғлом ҳужайраларни кўпайишига ва тикланишига имкон берадиган терапия устида иш олиб бормоқда. Терапия 60 ёшли инсонга, у 90 ёшга тўлмагунча, 30 ёшдагидек қолиш имконини беради. Жараён 120 ёки 150 йилгача ва ундан ҳам кейин такрорланаверади.
Мистер Грей фикрига кўра, мазкур усул яқин келажакда ҳаётга тадбиқ этилиши мумкин. Шундай қилиб, эҳтимол яқин келажакда инсоният мангу ёшлик шарбатини топиши мумкин.
Бекзод Мусурмонов
интернет материаллари асосида тайёрлади.