Дунёни яхшилар обод қилади

Аёл эри туҳмат билан қамалган кунининг эртасига бозорга борди.  Мақсади - тишининг кавагида турган 100 долларни майдалаш, рўзғорнинг камини шу пулга тўлдириш ва одамини топиб, эрига жунпайпоқ жўнатиш. Чунки фарзандларининг отасида бод касали бор... 

Уч тўрт сарроф (долларпуруш)ни оралаб, эрининг дўсти бўлган бир одамнинг олдига борди: 

- Фалончи ака,  яхшимисиз?  Эрим сизга учрашимни айтгандилар.  Шу 100 долларни майдалаб беринг... 

- Ўртоғим яхши йигит эди, нима бўлди ўзи?  Эшитиб, хайрон қолдик. Сиқилманг, тез орада чиқиб кетади, у унақа бола эмас... 

Аёл ажабланганидан савол берди:

- Сиз қачон эшитдингиз?

- Кеча... 

Сарроф пул берди,  аёл унга ишонгани учун пулни олди. Сал юриб,  пана жойга ўтиб, санаб кўрди. Кейин эрига атаб жунпайпоғ-у иссиқ кийим-кечак олди.

Қаёқданам рўпарасидан "Доллар, российский оламиз!"  деган биттаси чиқа қолди. Бири айтган пулнинг қиёсини эшитиб, ишонмади. Яна бошқасидан сўради. Бояги ҳолатини билиб, таскин берган сарроф уни нақд 30 минг сўмга алдаганини англади... 

Ўттиз минг сўм! У ҳеч нарса эмас аслида, аммо... Билиб туриб кўз ўйиш, деб аталади бундай воқеа. 

Уйга келгунча таёқдек қотиб келди. Қўлидаги жунпайпоққа кўз ёши томиб-томиб йиғлади. Ўттиз минг сўм учун эмас. Йиқилганнинг устига чиқиб, бўйини баланд кўрсатадиган ана шунақа одамлар борлиги учун! 

Уйининг ёнида бир магазин бор. Сотувчиси илмли йигит. Охирги пайтлар сезиб қолди:  ўша йигит нуқул харажатларни нотўғри ҳисоблаяпти... 

- Шакар неча пул?

- Беш минг, келинойи!

- Икки кило беринг!

- Хўп,  яна нима?

- Бодринг икки кило.

- Минг сўмдан.

- Нега сизларда арзон? 

- Сўлиб қоляпти-да иссиқда... 

- Қатиқ? 

- Бир литрлиги беш минг. 

- Жами?

- Ўн олти минг сўм...  Акамга салом айтиб қўйинг. 

Йўлда келгунча ўйланиб келди. Йўлнинг у ёғида бошқа магазин бор. Эринмасдан кирди. Шакар у ерда 9 минг сўм экан... 

Аёл бу сафар ҳам йиғлади. Эртаси куни кеча ўн олти минг савдо қилган дўконига борди. 

- Кеча адашиб кам ҳисоблабсизлар. Мен уйда ўтириб ҳисобладим, тўлашга пулим етарли.  Илтимос, кечаги нарсаларни бошқатдан ҳисоблаб беринг! 

- Келинойи, ҳаммаси яхши. Акамни сўраб қўйинг!  Нима керак бўлса, чиқаверинг. 

Аёл тушунди.  Дардини айтмаса ҳам биладиган одамлар бор экан.  Таскин бермаса ҳам қўллайдиганлар... 

Мана, нима учун дунёни яхшилар обод қилади деймиз!