Дунёқарашни илм, даромад, манфаат ўзгартиради

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги даврида давлатимиз бош реформатор сифатида барча соҳаларни тубдан ислоҳ этди, энг асосийси инсон қадри, аҳоли турмуш даражаси баландга кўтарилди, таълим-тарбия, маънавиятга эътибор кучайтирилди.
Жумладан, мустақиллик йилларида чуқур ислоҳотлар натижасида миллий таълим тизимимиз шаклланди. Мустақиллик ва таълим бир бирини тўлдирувчи, кези келганда, бири иккинчисига тиргак бўлувчи тушунчалардир. Чунки, мустақиллик таълим кучли жойда мустаҳкамланади, таълимга эътибор бор ерда янада кучаяди.
Замонавий жамиятга бугун дунёқараши кенг инсонлар зарур. “Дунёқарашни нима ўзгартиради – илм, даромад, манфаат”, дейди Президентимиз. Ҳамма нарсанинг асл моҳияти таълимга бориб тақалаверади. Энг муҳими, ёшларимизда таълимга бўлган қарашлар, унга бўлган эътибор, муносабат ўзгариши биринчи навбатда педагогларда фахр туйғусини уйғотади.
Кейинги йилларда республикамизда таълим сифатига эътибор туфайли, тизимдаги ишлар ижобий тарзда қайтадаган ислоҳ этилмоқда. Таълимни замонавийлаштириш, самарали усулларни соҳага олиб кириш эртанги келажакнинг узвий қисмидир. Таълимнинг барча бўғинларида олиб борилган ислоҳотлар бугунги кунда ўзининг ижобий томондан кўрсата бошлади.
Мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотлар натижасида фарзандларимиз 2-3 ёшдан бошлаб таълим-тарбия олмоқдалар. Яъни, болани кичиклигидан тарбиялашни давлат ўз зиммасига олди. Бу ўз вақтида тўғри қилинган иш, амал эканлигини бугунги кун исботлаб бермоқда. Сабаби, эртанги кунда ёшларни ҳар томонлама етук инсон этиб тарбиялаш учун таълимга эътиборни бугундан бошлаш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада мактабгача таълим тизимида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди, хусусий боғчалар очилди, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этилиши ҳам бу борадаги ишларни тизимли олиб бориш имкониятини яратди. Натижада 2017 йилда мактабгача таълим ташкилотлари қамрови 17 фоиз бўлган бўлса, сўнгги 2 йил ичида бу кўрсаткич 55 фоизга етди. Яқин йилларда бу кўрсаткич 60 фоизгача етказилиши кутилмоқда.
Халқ таълими тизимининг мазмуни сифат жиҳатидан янгиланди, мактабларда ўқитувчи бўлиб фаолият кўрсатишнинг жозибадорлиги ошди, иқтидорли ўқувчи ёшларга таълим-тарбия беришда қўшимча имкониятлар яратилди, ихтисослаштирилган махсус ва Президент мактаблари ташкил этилди. Мактаб ўқитувчиларидан турли соҳалар учун ишчи кучи сифатида фойдаланиш амалиётига чек қўйилди. Шунингдек, ўқувчилар ва ота-оналарнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда 10-синфларга ўқувчилар қабул қилиш қайтадан йўлга қўйилди.
Кейинги йилларда олий таълим тизимига доир чиқарилган Президент фармон ва қарорлари асосида олий таълим муассасаларининг (ОТМ) қабул квоталари босқичма-босқич оширилди, шунингдек, ўқишга қабул қилиш жараёнлари ҳам шаффофлашди, билимли, истеъдодли ва қобилиятли ёшлар ўқишга қабул қилиш тизими яратилди. Янги ОТМлар, таълим йуналишлари, магистратура мутахассисликлари, таълимнинг сиртқи ва кечки шакллари очилди; рейтинги юқори хорижий ОТМлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди, ОТМларнинг моддий-техник базалари тубдан яхшиланди; профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, илмий даражаси ва илмий унвонларига нисбатан меҳнатга ҳақ тўлаш тизими такомиллаштирилди. Натижада олий таълим тизимидаги жуда кўп муаммолар ижобий ҳал этилди. Сўнгги бир неча йил давомида олий таълим билан қамров 9-10 фоизни ташкил этган эди, олиб борилган чора тадбирлар натижасида бу кўрсаткич сўнгги 2 йилда 15 фоиздан ошди. Бу кўрсаткични 20-25 фоизга етказиш ва келгусида ошириш учун саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
29 йиллик Истиқлолнинг бу йилги шиори “Сен - қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деб номланди. Ҳар йилги шиор Мустақилликнинг жамиятдаги қадри эквиваленти билан белгиланяпти. Буни синчков ўқувчи дарров сезади. Бу йилги истиқлол Ўзбекистонни чиндан ҳам қудрат манбаи, саодат масканига айлантирди. Бу борада таълим тизимида янгича ёндашув ва ўзгаришлар бўлаётгани эътирофга лойиқ. Зеро, бунинг боиси Ватанимизнинг эртанги тақдири, истиқболи ёш авлод таълим-тарбиясига ва эгаллаётган касб-корига боғлиқ.
Абдулла Аслонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.