Тиббиёт соҳаси рақамлашса, коррупция йўқолади

Куни кеча давлат раҳбари мамлакатимиз тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда бу гапни қайта-қайта таъкидлади.

Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган учрашувда Президент давлат мукофотларини топшириб, соҳада келгусида амалга оширилиши керак бўлган вазифаларни белгилаб беради, бир кун аввал қабул қилган қарори мазмун-моҳиятини тушунтиради, дея ўйлагандим. Бошқалар ҳам, жумладан, залдаги иштирокчиларнинг асосий қисмини ташкил этадиган тиббиёт ходимлари ҳам шундай фикрда эди, назаримда.

Шундай бўлди ҳам. Барча ҳудудлар билан видеоселектор тарзида ўтказилган учрашув аввалида Президент давлат мукофотларини топширди. Соҳа ходимларининг заҳматли меҳнатларини эътироф этди. Бундан буён ушбу санани “Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни” сифатида нишонлашни таклиф қилди.

Кейинги йилларда тиббиёт соҳасида эришилган оламшумул натижалар (оламшумул дейишга асослар ҳам келтирилди, буни ҳеч ким инкор этмайди) айрим рақамлар орқали қайд этилди. Кейин давлат раҳбари эришилган натижалар тарих бўлгани, энди мавжуд камчиликларни тузатиш, соҳа олдига янги марралар қўйиб ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлади.

Кўнглидаги аччиқ гапларни ҳам айтишга мажбурлигини таъкидлаб. тиббиёт давлат ва халқ ўртасида кўприк бўлиши керак, деган ғоя бугун ҳаётда ўз ифодасини топаётгани, лекин айрим раҳбарлар буни англамаётгани, ўз ҳузур-ҳаловатидан воз кечолмаётгани тўғрисида оғриниб гапирди.

Президентимиз жамиятда ўқитувчи ва шифокорнинг нуфузи ва мавқеини оширишни ўз фаолиятининг дастлабки пайтлариданоқ асосий мақсад этиб белгилагани ва бу ишни босқичма-босқич амалга ошираётганини айтди. Бунинг учун бюджетдан ҳам жуда катта маблағ ажратилаётгани, халқаро ташкилотлар ва банклар кредитлари йўналтирилаётгани қайд этди.

– Ўн йил олдин соҳада бугунгидек имконият, шароит, технология, пул йўқ эдику, ойлик маош ҳам йилдан-йилга ошиб боряпти ва бу давом этади. Лекин бунга жавоб қанақа бўляпти? Афсуски, бу саволга жавоб беришга қийналади одам, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз 26 та ихтисослашган марказ фақат пойтахтда эмас, жойларга чиқиб, энг қуйи бўғинда ишлаши кераклигини таъкидлади. Худди шундай – уларнинг филиаллари ҳам ўз ихтисослиги бўйича қайси туман, шаҳарда аҳолининг саломатлик даражаси оғир бўлса, ўша жойдаги поликлиникалар билан аниқ дастур асосида ишлаши зарур.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари айрим ихтисослашган марказлар раҳбарлари фаолиятидан қониқмаётгани, уларнинг ўз вазифасига виждонан ёндашмаётганини куйиниб гапирди. Айрим раҳбарлар ўзига жуда катта миқдорда ойлик ёзиб олаётганини. бу билан улар ўзларига нисбатан ишончни поймол қилаётгани, халқнинг нафратига дучор бўлаётганига урғу берди.

– Президент, давлат ҳеч нарса билмайди, деб ўйламанглар, арқон узун ташланган, вақти келганда шундай тортиб оламиз, лекин у пайтда кеч бўлади, – деди Юртбошимиз.

Йиғилишда яхши бир таклиф айтилди. Президентимиз малакали шифокорлар, мутахассислар соғлиқни сақлаш бошқарма ва бўлимлари, тиббий марказлар раҳбарлигига тайинланиб, улар ташкилий ишлардан ортмаётгани, ўзининг касбий малакасидан фойдалана олмаётганини таъкидлаб, аслида раҳбарлик вазифаларини менежерлар бажариши, улар шифокорларнинг самарали ишлаши, беморларнинг тезда соғайиб кетиши учун шароит яратиши, тиббий муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун қайғуриши зарурлигини айтди. Ва келгуси йилдан шундай тизим йўлга қўйилиши билдирилди.

Йиғилишда энг кўп тилга олинган масала – соҳани рақамлаштириш ва бу орқали коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўлди. Президентимиз соҳа раҳбарларини халққа хизмат қилишга даъват этди, давлатнинг тиббиёт соҳасига эътиборини одамлар ўз ҳаётида ҳис қилиши учун вазифасини виждонан бажариши кераклигини уқтирди.

Давлатимиз раҳбари қўлида маълумотлар бўла туриб, кўп раҳбарларни аяди, уларга ишлаши, халққа хизмат қилиши учун яна имконият берди, назаримда. Бундан ким қандай хулоса чиқаришини вақт кўрсатади, албатта.

Дарвоқе, учрашувда айримлар доимий, ҳисобот гапларни гапира бошлаганда Шавкат Мирзиёев “бу ерга сизлар билан мулоқот қилиш, муаммоларга ечим топиш учун келганман, кўпроқ таклифлар айтинглар, масалаларни ўртага ташланглар”, деб ўзи даврага юзланди ва иштирокчилар билан самимий мулоқот қилди. Айниқса, ёшларнинг фикрлари, таклифларини эътибор билан тинглаб, ҳеч бир масалани ечимсиз қолдирмади.

Учрашув давомида бир нарсага такрор амин бўлдим. Президентимиз ёш бўлса ҳам садоқатли, Ватан учун, халқ учун хизмат қилишга тайёр, виждони пок, қўли тоза ёшларга катта ишонч билдирмоқда ва доим уларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Йўқса, йиғилишга якун ясаб ўз хулосаларини айтмоқчи бўлганида сўз сўраб қўл кўтарган ёшларни тингламаган, улар ўртага ташлаган масалаларга ечим топиб бермаган бўларди.

Ғолиб Ҳасанов.