Дзюдо: Сардор Нуруллаев Тбилисидан олтин медаль олиб қайтди

Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича “Катта Дубулға” турнири ўтказилди.

Нуфузли мусобақада самарқандлик дзюдочи Сардор Нуруллаев олтин медални қўлга киритди. Укаси Кемрон Нуриллаев кумуш медали билан ва яна бир вилоятимиз вакили Давлат Бобонов бронза медали билан тақдирланди.

Шу орқали улар Олимпиада рейтингидаги очколарини ошириб олди.

***

“Парламент ўйинлари”

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши бошчилигида шаҳар ва туман Кенгаши котибияти мудирлари ва депутатлар иштирокида “Парламент ўйинлари” бўйича мини футбол мосабақаси бўлиб ўтди.

Мусобақа якунига кўра, биринчи ўринни Булунғур тумани эгаллади. Қўшработликлар иккинчи ўрин билан тақдирланган бўлса, Самарқанд шаҳри котиб ва депутатлари учинчи ўрин билан кифояланди. 

***

Самбо

Самарқанд шаҳрида самбо бўйича ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Унда 200 нафардан ортиқ самбочилар 14 вазн бўйича беллашди. Якунда самарқандлик самбочилар 3 та олтин, 5 та кумуш, 11 та бронза медалини қўлга киритди. Медаллар қўлга киритиш бўйича кейинги ўринни қарақалпоқликлар эгаллади. Шунингдек, Қашқадарё, Бухоро, Навоий Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри самбочилари ҳам кўп медаль тўплади.

***

Футбол

Самарқанд шаҳар 2-сон БЎСМ Сартепа спорт мажмуасида футбол бўйича 2006-2007, 2008-2009 йилларда туғилган болалар ва ўсмирлар ўртасида мусобақа ўтказилди.

Мусобақада мезбон жамоалардан ташқари Тошкент, Чирчиқ, Бухоро шаҳридан футбол жамоалари ўзаро тўп суришди.

Муросасиз кечган ўйинда умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳар 2-сон БЎСМ жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Чирчиқ шаҳрининг “Титан” ҳамда “ФК Чирчиқ” жамоалари эгаллади.

***

Стол тенниси

Пахтачи туманида “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида “Стол тенниси ойлиги”нинг вилоят финал босқичи ўтказилди.

Барча шаҳар ва тумандан 16 жамоанинг 120 нафардан ортиқ теннисчилари иштирок этган баҳсда биринчи ўринни Самарқанд шаҳри теннисчилари эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўрин Паст Дарғом ва Жомбой тумани спортчиларига насиб этди.

***

Волейбол

Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида хотин-қизлар ўртасида волейбол бўйича "Дўстлик спартакиадаси" бўлиб ўтди.

Унда вилоятдаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркиб топган жамоалар ўзаро беллашди.

Мусобақа якунига кўра, ТАТУ Самарқанд филиали жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўрин Самарқанд давлат университети ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт институти жамоаларига насиб этди.

***

Таэквон-до ИТФ

Самарқанд шаҳрида таэквон-до ИТФ бўйича 7-17 ёшлилар ўртасида вилоят очиқ чемпионати ўтказилди.

Мусобақада вилоятимиз спортчилари қаторида Тошкент, Андижон, Бухоро ҳамда Тошкент шаҳридан жами 350 нафарга яқин таэквон-дочилар ғолиблик учун кураш олиб борди. Якунда умумжамоа ҳисобида вилоятимиз вакиллари биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни тошкентлик ва бухороликлар эгаллади.

Ҳусан Элтоев.