Электр энергияси тармоғи хориж компаниясига ўтказилмоқда, энди электр нархи қимматлашадими?
Сўнгги вақтларда вилоятимиз электр энергияси тармоқлари хорижий компаниялар ихтиёрига ўтказилиши ва улар томонидан бошқарилиши тўғрисидаги хабарлар фонида ижтимоий тармоқларда электр нархи ошиши мумкинлиги ҳақида турли гап-сўзлар кўпайди.
Хориж компанияси мутахассислари вилоятимиздаги туман ва шаҳар ҳудудий электр таъминоти корхоналари фаолиятини ўрганмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикасида 2024-2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2025 йил декабрь ойигача вилоятимизда электр тармоқларини модернизация қилиш ва хусусий операторга ўтказиш бўйича тендер ғолибини эълон қилиш режалаштирилган. Лойиҳанинг қиймати дастлаб 250 миллион долларга баҳоланган бўлиб, вилоятимизда паст кучланишли тақсимлаш тармоқлари инфратузилмасини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, бошқариш, техник хизмат кўрсатиш ва тақсимлашни ўз ичига олади.
Маълумки, Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси вилоят электр тақсимлаш тармоғини бошқариш ва модернизация қилиш бўйича халқаро тендерда ғолиб чиққан эди. Компания 30 йиллик бошқарув давомида соҳага 1 миллиард доллар инвестиция киритишни режалаштирган.
- Жорий йилнинг 18 ноябрь куни давлат-хусусий шериклик (ДХШ) бўйича учинчи давра суҳбати чоғида “Aksa Enerji” компаниясига халқаро тендерда ғалаба қозонганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилди, - дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаев. - Лойиҳа Самарқанд вилоятидаги электр тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш ва уларни концессияга беришни назарда тутади. Бир йилда энергия истеъмоли тахминан 5,5 миллиард кВт/соат ва аҳолиси 4,3 миллион бўлган мазкур вилоят саноат, таълим ва туризм нуқтаи назаридан энг стратегик минтақалардан бири ҳисобланади. Компания ўз тажрибаси ва тезкор мослашувчанлиги билан 30 йиллик инвестиция даврида узлуксиз электр таъминоти, замонавий инфратузилма ва экологик барқарорликка йўналтирилган моделни яратишни ният қилган.
“Aksa Enerji” компанияси 1960 йилда ташкил этилган Kazanci Holding таркибига киради. Ушбу холдинг нафақат энергетика масалалари билан, балки қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ҳам қатор лойиҳалар устида иш олиб боради. Бугунги кунда уларнинг лойиҳалари асосида дунёнинг бир қанча мамлакатларида, жумладан, Туркиядан ташқари Гана, Мадагаскар, Мали ва Конго давлатларида электр станциялари қурилмоқда. Компания фаолияти бизга ҳам бегона эмас, улар 2022 йилда Бухоро вилоятида қуввати 270 МВТ, Тошкентда қуввати 240 МВТ бўлган иссиқлик электр станцияларини қуриб фойдаланишга топширган. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида қуввати 400 МВТ бўлган газ поршенли электр станцияси қурилишига 250 миллион доллар сармоя киритган.
“Aksa Enerji” компанияси тармоқларни 30 йил давомида бошқаради ва муддат шартлар бажарилиши бўйича узайтирилиши ҳам мумкин. Агар лойиҳа самарали давом этадиган бўлса, барча ҳудудлардаги электр тармоқлари босқичма-босқич хусусий бошқарувга ўтказилади.
ДХШ асосидаги реконструкция ва модернизация ишлари натижасида электр тармоқлари, трансформатор станциялари ва нимстанцияларни янгилаш, давлат харажатларини қисқартириш кўзда тутилган. Шунингдек, энергия йўқотишларини камайтириш, электр узилишларини минималлаштириш ва углерод чиқиндиларини камайтиришга ёрдам бериши ҳам кутилмоқда.
- Бугунги кунда вилоятимиз электр тармоқларининг жами узунлиги 30 минг километрдан ортиқни ташкил этиб, шундан 16,7 минг километр узунликдаги тармоқ, яъни 54 фоизи эскириб кетган, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вилоят филиали бош муҳандиси Илҳом Норбоев. - Жумладан, 35−110 кВлик 144 та подстанция, ишлаб турган 10−6/0,4 кВлик 13 172 та трансформатор пунктидан 4512 таси маънан эскирган. Шунингдек, 54 фоиз, яъни 128 та қувват трансформаторини алмаштириш талаб этилади. Инвестор бутун тармоқни бошқариб боради, таъмирлайди ва янги тармоқлар қуради. Натижада улар тармоқ орқали ўтаётган ҳар бир кВт/соат электр энергияси учун маълум сумма олади. Истеъмолчи эса ишлатган электр энергияси учун мобил иловалар орқали ҳозиргидек ҳақ тўлашда давом этаверади. Шунчаки, улар тўлаётган маблағнинг бир қисми тармоқни бошқараётган инвестор ҳисобига тушади.
Энергетика вазирлиги икки йил ичида мамлакатимиз энергетика тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашига эришишни мақсад қилган ҳолда ишлаб чиқариш қувватларини кескин ошириш, тўлиқ рақамлаштириш, узатиш тармоқларини бошқаришга хусусий операторларни жалб қилишни режалаштирган.
Давлат хусусий шериклик дастурига кўра, 2027 йил 1 июлгача барча ҳудудлардаги тақсимловчи электр тармоқларини хусусий операторларга ўтказиш бўйича шартномалар имзоланиши керак. Бу борада Самарқанд тажрибаси биринчиси бўлди, эндиликда Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги электр тармоқларини модернизация қилиш, қуриш ва хусусий сектор бошқарувига бериш бўйича тендер эълон қилинади.
Дилмурод Тўхтаев.