«Электрон парламент» тизими жорий этилади

Ўзбекистонда электрон парламент тизими жорий этилиши белгилаб олинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Хабарда айтилишича, Президент фармони билан Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари бўйича амалга ошириладиган вазифалар, жорий этиладиган тартиб ва амалиётлар белгиланган. Жумладан, Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида:

- 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида «Электрон парламент» тизими жорий этилади;

- Олий Мажлис Қонунчилик палатасида йил якунига кўра, қабул қилинган ҳар бир қонун халқ томонидан қандай баҳолангани ва унинг самарадорлик даражаси мониторинг қилинади;

- 2020 йил 1 июлдан Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қатор масалалар юзасидан ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартиби татбиқ қилинади;

- 2020 йил 1 августдан бошлаб Сенатда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш, шунингдек, Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш тизими йўлга қўйилади;

- 2020 йил 1 июлга қадар «Mening fikrim» веб-порталининг мобиль иловаси ишга туширилади.