Вояга етмаганларга ижарага ким машина беряпти?!
Ушбу телеграм каналда 15 ёшли бола ижарага автомобиль олиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳали вояга етмаган болага ким автомобилни ижарага беряпти? Бунга жавобгарлар борми ўзи?
Оммавий ахборот воситаларида ўтган йили Наманган вилоятида худди шунга ўхшаш бир нечта ҳолат қайд этилгани ҳақада хабарлар тарқалганди. Хусусан, уларнинг бирида шундай дейилган: “Наманган шаҳрида 5 нафар ўқувчи ижарага олган Gentra йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, катта тезликда юк машинасига урилди. Оқибатда машина бошқарган 17 ёшли ўсмир вафот этди, қолган 4 нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилди”.
Ачинарлиси, шу каби воқеалар ушбу вилоятда бир неча марта содир бўлган ва ўнлаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётдан бевақт кетишига сабаб бўлган эди. Энди навбат Самарқандгами?
Автомобилларни ижарага берадиган тадбиркор вояга етмаган болаларга машина бериб, нафақат уларнинг, балки бошқа, қоидаларга амал қиладиган ҳайдовчи ва йўловчилар ҳаётига ҳам хавф солади. Бу тадбиркорлар кимлар? Жамият бундай ноинсоф тадбиркорларга нисбатан муросасиз бўлиши керак эмасми?
Илғор Раҳматов.