Энди ННТларга давлат субсидияси, гранти ва ижтимоий буюртмалари ягона электрон платформа орқали ажратилади

Бу ҳақда Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлими томонидан жорий йил вилоятда амалга ошириладиган ишларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Ташкилот раҳбари Достон Маликовнинг таъкидланишича, Президентнинг 2024 йил 26 августдаги фармони билан давлат дастурларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди қайта ташкил этилган. Унга кўра, жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ва жамоат фондига фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан янги тизим асосида қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Хусусан, жорий йил Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлимига 5,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлиб, Парламент комиссияси аъзолари, жамоат фонди вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган ва жойларда вилоят аҳолисининг муаммоларини ўрганмоқда.
- Биринчи чоракдаги ўрганишлар натижасида Паст Дарғом, Иштихон, Нуробод, Булунғур, Жомбой ва Тойлоқ туманларида аҳолини қийнаб келаётган 175 дан ортиқ муаммо аниқланди, - дейди Д.Маликов. – Яқинда аниқланган ичимлик суви, мактаб ва поликлиникалар инфратузилмаси, аҳоли бандлиги ва саломатлиги бўйича фуқароларни қийнаётган муаммоларнинг манзилли ва самарали ечимига қаратилган грант танловлар эълон қилиниши режалаштирилмоқда. Жумладан, “Атроф муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида шу йилнинг апрель-май ойларида фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидияси, гранти ва ижтимоий буюртмаларини ажратишнинг биринчи босқичи бошланади. Жараён шаффоф ўтиши учун ягона электрон платформа орқали амалга оширилади ва дастлабки танловда бешта лойиҳага 400 миллион сўм маблағ ажратилади.
Матбуот анжумани давомида янги платформадан қандай фойдаланиш кераклиги синов тариқасида кўрсатилди ва соҳа вакилларига тушунтириш берилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг фаоллигини ошириш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жойлардаги муаммоларга биргаликда ечим топиш бўйича ижитимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилгани таъкидланди.