Энди ўзбекистонликлар Россияда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириши мумкин

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги консуллик муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш тартиби бўйича вақтинчалик низом тасдиқланди.

Низомга кўра, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси консуллик муассасаси орқали Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ИИВ ЙҲХББ) томонидан расмийлаштирилади.

Талабгор эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун консуллик муассасасига ариза билан шахсан мурожаат қилади.

Консуллик муассасаси талабгор номидан сўровномани тўлдириб, 1 иш кунида ИИВ ЙҲХББга юборади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси тақдим этилган маълумотномани кўриб чиқиб, 1 иш кунида янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиради ҳамда уни Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаментига (ТИВ КҲД) юборади.

Шунга кўра, ТИВ КҲД ҳайдовчилик гувоҳномасини консуллик муассасасига дипломатик почта орқали тақдим этади.

Консуллик муассасаси 1 иш кунида янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини эгасига беради ёки асосланган сабабларга кўра уни рад этади.

Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштириш учун қуйидагилар ундирилади:
➖ БҲМнинг 70 фоизи миқдорида тўлов;
➖ 20 АҚШ доллари миқдорида консуллик йиғими;
➖ 20 АҚШ доллари миқдорида ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш учун йиғим.