2015 йилдан кейин берилган «права»ни янгисига алмаштиришнинг охирги муддати – 31 декабрь
Эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш ёдингиздан чиқмадими?
Бунинг учун нафақат Давлат хизматлари марказларига, балки вилоят ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари (ИИББ ЙҲХБ)га мурожаат қилишингиз ёки уйдан туриб ЙИДХП (my.gov.uz) орқали буюртма беришингиз мумкин.
Мазкур хизмат фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида меҳнат қонунчилигига риоя қилган ҳолда, «сўнгги мижозгача» тамойили асосида кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни мажбурий алмаштириш муддати қуйидагича:
- 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари – 2023 йил 31 мартгача;
- 2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2023 йил 30 июнгача;
- 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2023 йил 30-сентябргача;
- 2015 йилдан кейин берилганлари – 2023 йил 31 декабргача.
Юқоридаги муддатларгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Қуйидаги ҳолларда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш рад қилинади:
- ариза берувчи томонидан сўровномада кўрсатилган маълумотлар нотўғри эканлиги аниқланганда;
- ариза берувчининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича амалий ҳамда назарий имтиҳонни муваффақиятли топширганлик факти тасдиқланмаганда;
- ариза берувчи томонидан тегишли йиғим тўланмаганда.