Энди қўшилган қиймат солиғини 120 кунгача кечиктириб тўлаш мумкин

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги “Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ,
- Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан 2020 йил 1 октябрга қадар товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда ҚҚС тўловчилар учун ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш жараёни автоматлаштирилади;
- товарларни импорт қилишда солиқ тўловчиларга ҚҚС муддатини узайтириш имконияти давлат божхона хизмати органининг қарори билан берилади;
- солиқ тўловчилар реестри Давлат солиқ қўмитаси расмий веб-сайтига жойлаштирилади;
- ҚҚСни тўлаш муддатининг узайтирилиши божхона декларацияси расмийлаштирилган кундан бошлаб, 120 кундан ошмаслиги керак;
- қарор билан тасдиқланган низомга кўра, ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятига эга бўлиш учун солиқ тўловчи давлат божхона хизмати органига ариза ва ҚҚС тўланиши таъминланишини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади;
- давлат божхона хизмати органи ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятини бериш ёки уни рад этиш тўғрисидаги қарорни 5 иш кунида қабул қилади;
- муддатни узайтириш имконияти берилиши рад этилганда солиқ тўловчи 1 иш куни ичида рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилинади;
- тўлов муддатини узайтириш имкони берилганда, унинг суммаси ва тугаш муддати кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сон фармони билан қўшилган қиймат солиғини тўловчиси бўлган хўжалик юритувчи субъектларга товарларни олиб кирганда, шунингдек, иш (хизмат)ларни импорт қилганда импорт қилинган товарлар (иш, хизматлар) учун қўшилган қиймат солиғидан имтиёз ўрнига 120 кунгача бўлган муддатга қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш механизмларидан фойдаланиш назарда тутилган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.