Энди раҳбар ўринбосарлари ҳам Президент олдида жавоб беради

“Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5189-сон, 22.07.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан Президент олдида шахсан жавобгардир ҳамда Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдордир. 

Қарор билан давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилади. 

Бунда:  

👉 давлат бошқаруви органлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади;

👉 ҳар йили уларнинг фаолияти кўрсаткичлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг коллегиал органлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади;

👉 фаолият самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари ва кўрсаткичлари тизимли мониторинг қилинади;

👉 мониторинг натижалари асосида раҳбарлар ўринбосарларининг фаолияти Вазирлар Маҳкамасида ҳар чорак якуни бўйича муҳокама қилиб борилади;

👉 баҳолаш мезонлари ва кўрсаткичлари асосида ҳар бир раҳбар ўринбосари фаолиятига баҳо бериш орқали уларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

Қарорга кўра, вазирликлар ва идоралар раҳбарияти фаолиятининг кўрсаткичларини баҳолашда инсон омилини камайтириш мақсадида асосий кўрсаткичлар бўйича маълумотларни автоматик тарзда таҳлил қилиш орқали мавжуд ҳолатни аниқлаш имконини берувчи махсус электрон платформа ишга туширилади.