Ер юзида ҳар 150 кишидан бири ўзбек тилида гаплашади
Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлди. 2019 йил 21 октябрь куни Президентнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони қабул қилинди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни”, деб белгиланди.
Кеча давлат раҳбари “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги яна бир фармонга имзо чекди. Ҳужжатга мувофиқ, кейинги 10 йилликда давлат мактабгача таълим, умумтаълим ва олий таълим тизимида ўзбек тилини ўрганиш кўлами кенгайтирилади.
Маълумотларга кўра, дунё миқёсида 50 миллиондан ортиқ киши ўзбек тилида сўзлашади. Бу Ер юзида ҳар 150 кишидан бири ўзбек тилида гаплашади, деганидир. Бугун ўзбек тили дунё давлатларининг 60 га яқин университети ва 100 дан зиёд мактабида ўрганилмоқда. Жумладан, Япониянинг 8 университетида, Туркиянинг 18, Американинг 8, Германиянинг 4 университетида ўзбек тили ўқитилади.
Ўзбек тили Хитой Миллатлар марказий университети ва Пекин чет тиллари университетида ўқитилади. ХХРнинг нуфузли ўқув-академик муассасаларидан бири Шанхай халқаро тадқиқотлар университетида ўзбек тилининг алоҳида кафедраси фаолият кўрсатади ва "Ўзбек тили" ихтисослиги бўйича бакалавр дастури факультатив фан сифатида жорий этилган.
Навбатдаги #инфографикада ўзбек тилига оид асосий ҳужжатлар ва қизиқарли маълумотлар жамланган.